АҚШ Эрон ва Исроил ўртасида кенг кўламли уруш бошланишидан хавотирда

Олам

image

Вашингтон Суриядаги Эрон консуллигига берилган ҳаво зарбасидан кейин Эрон ва Исроил ўртасида кенг кўламли уруш бошланиши эҳтимолидан хавотирда. Бу ҳақда кеча, 4 апрель куни Оқ уй Миллий хавфсизлик кенгашининг стратегик алоқалар бўйича координатори Жон Кирби маълум қилди.

“Ҳа, биз тўлиқ миқёсли урушдан жуда хавотирдамиз. Дарҳақиқат, Исроил Бош вазири Бинямин Нетаняху ва АҚШ Президенти Жо Байден бугун гаплашган нарсалардан бири бу Исроил давлатига Эрондан келаётган ҳақиқий таҳдид эди", деган у CNN телеканалида журналистнинг "тўлиқ миқёсли уруш" эҳтимоли ҳақидаги саволига жавоб берар экан.

Кирби АҚШ томонидан Исроилга кўрсатилаётган хавфсизлик ёрдами фақат Ғазо сектори учун эмаслигини унутмасликка чақирди. 

“Қўшма Штатлар Исроил билан бирга бўлади, биз бу таҳдидлардан ҳимояланишда сизга ёрдам беришда давом этамиз", дея хулоса қилди Кирби.

Исроилнинг “i24News” телеканали эса Эроннинг Суриядаги консуллигига ҳаво ҳужуми уюштирилганидан кейин яҳудий давлати Эрондан эҳтимолий ҳужумларга тайёрланаётгани ҳақида хабар берди. Телеканал маълумотларига кўра, Исроилда Рамазон ойининг сўнгги жума куни "Ҳизбуллоҳ" яҳудий давлатига қарши фронт очишидан хавфсирашмоқда.

4 апрель куни Эрон раҳбари ва руҳий етакчиси Оятуллоҳ Али Хоманаий ўзининг Х саҳифасида Исроилни консуллик бўлимига ҳаво ҳужуми уюштиргани учун тавба қилишга мажбур қилишини иброний тилида ёзди.

Маълумот учун, 1 апрель куни Исроил F-35 қирувчи самолётлари ёрдамида Дамашқдаги Эрон консуллиги биносига 6 марта ракета ҳужуми уюштирган. Ҳужум оқибатида 13 киши, шу жумладан генераллар Муҳаммад Ризо Зоҳидий ва Муҳаммад Ҳоди Ҳаж Раҳимий ҳалок бўлди. 

Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Ўзбекистон Исроилнинг Эрон консуллиги биносига уюштирган ҳаво ҳужумини кескин қоралаганди. БМТ Хавфсизлик кенгаши йиғилишида эса БМТ ва баъзи аъзо давлатлар ҳужумни қоралаган бир пайтда АҚШ Эронни Исроил ва Америка нишонларига ҳужум қилишда айблаганди. Олдинроқ АҚШ Марказий разведка бошқармаси Эрон 48 соат ичида Исроилга  кучли зарба беришини тахмин қилди.


Мақола муаллифи

Теглар

АҚШ Эрон Исроил

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг