АҚШ элчиси Россия қамоғидаги Гершкович билан учрашди

Олам

image

АҚШнинг Россиядаги элчиси Лин Трейси жосусликда гумонланиб, ҳибсга олинган ва ҳозирда Лефортово тергов изоляторида сақланаётган “The Wall Street Journal” (WSJ) журналисти Эван Гершкович билан учрашди. Бу ҳақда АҚШнинг Россиядаги элчихонасининг Twitter саҳифасида маълум қилинди.

“Бугун мен Лефортово тергов изоляторида WSJ мухбири Эван Гершковични кўргани бордим. Биз икки ҳафтадан кўпроқ вақт олдин Эван ноқонуний ҳибсга олинганидан бери биринчи марта у билан учрашишга рухсат олдик. Унинг соғлиғи яхши ва кучли. Биз Эванни зудлик билан озод қилишга чақирувимизни яна бир бор такрорлаймиз”, деган элчи Лин Трейси.

АҚШнинг БМТдаги доимий вакили Линда Томас-Гринфилд эса Америка томони Гершковичга консуллик хизматидан фойдаланишга рухсат берилганидан мамнун эканини, бироқ унинг озод этилишини талаб қилишда давом этишини билдирган. 

“Мен бу ҳақда эрталаб билиб олдим. Биз у билан учрашиш имконига эга бўлганимиздан жуда хурсандмиз, лекин барибир уни сўзсиз озод қилишга чақирамиз”, деган АҚШнинг БМТдаги доимий вакили.

Эслатиб ўтамиз, Россия Федерал хавфсизлик хизмати Гершковични Америка томонининг кўрсатмаси асосида Россия ҳарбий-саноат мажмуаси корхоналаридан бирининг фаолияти тўғрисида давлат сирини ташкил этувчи маълумотларни тўплаганликда айблаб, ҳибсга олган эди. Унга қарши Россия Федерацияси Жиноят кодексининг 276-моддаси (жосуслик) бўйича иш қўзғатилган эди. WSJ ва АҚШ ҳукумати бу айбловларни рад этган, давлат департаменти эса Россиядаги америка фуқароларини мамлакатни тарк этишга чақирди. 2 апрель куни эса АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров билан телефон орқали гаплашиб, журналистни озод этишни талаб қилди.  10 апрель куни АҚШ Давлат департаменти “The Wall Street Journal” мухбири Эван Гершковични ноҳақ ҳибсга олинган, деб эълон қилди ва мазкур қадам журналистни алмашиш бўйича музокаралар олиб боришга потенциал йўл очиши айтилди. Кеча, 17 апрель куни эса АҚШ БМТда 40 га яқин давлат билан ҳаммуаллифликда Гершковичнинг Россияда жосусликда айбланиб, ҳибсга олиниши муносабати билан баёнот тайёрлади. Ҳужжатда Россия расмийлари сиёсий сабабларга кўра қамалганларни озод қилишга чақирилди.


Мақола муаллифи

Теглар

АҚШ Россия Лин Трейси Гершкович

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг