АҚШ Давлат департаменти Конгрессни четлаб ўтиб, Исроилга қурол сотишни маъқуллади
Олам
−
30 Декабрь 2023
6978АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен Исроилга тахминий қиймати 147,5 миллион долларга тенг бўлган М107 артиллерия снарядлари ва тегишли асбоб-ускуналарни сотишни маъқуллади. Тегишли баёнот бугун, 30 декабрь куни АҚШ Мудофаа хавфсизлиги бўйича ҳамкорлик агентлиги (DSCA) расмий сайтида эълон қилинди.
Департаментнинг қайд этишича, АҚШ Конгресси эҳтимолий қурол савдоси ҳақида хабардор қилинган, бироқ Давлат департаменти одатда қурол экспорти учун расмийлар томонидан талаб қилинадиган Конгресс розилигини кутмайди.
“Блинкен Конгрессга фавқулодда вазият мавжудлигини батафсил асослаб берди, бу эса юқорида қайд этилган мудофаа товарлари ва хизматларини АҚШ миллий хавфсизлиги манфаатлари учун Исроил ҳукуматига зудлик билан сотишни талаб қилади”, дейилади баёнотда.
Таъкидланишича, бундай миқдорда қурол-яроғ сотилиши АҚШнинг мудофаа қобилиятига таъсир қилмайди.
Маълумот учун, Қўшма Штатлар Яқин Шарқда можаро авж олгандан кейин аллақачон минтақага қурол-яроғ етказиб берган ва у ерга ҳарбий кемалар юборган. Бироқ Исроилга ёрдам кўрсатишнинг баъзи масалалари Америка қонун чиқарувчи органлари томонидан маъқулланишини кутмоқда. Декабрь ойи бошида АҚШ Президенти Жо Байден Конгрессдан Меркава танклари учун Исроилга 500 миллион доллар миқдоридаги ўқ-дориларни сотишни маъқуллашни сўраган. Давлат департаменти эса қонунчиларнинг қарорини кутмай, АҚШ миллий хавфсизлик қоидаларига амал қилган ҳолда келишувни тасдиқлаган. Янги битимни Конгрессдан камида 9 январгача маъқуллашнинг иложи бўлмасди – АҚШ Президенти маъмуриятининг Исроил ва Украинага ёрдам кўрсатиш масалаларини муҳокама қилишни шу вақтгача якунлаш тўғрисидаги чақириғига қарамай, органнинг иккала палатаси ҳам байрам таътилига чиқиб кетди. Вашингтоннинг Киев ва Тель-Авивга ҳарбий ёрдам бериши ҳақидаги мунозаралар бир неча ойдан бери давом этмоқда.
LiveБарчаси