АҚШ, Буюк Британия ва Эстония Донбасс делегацияси билан учрашувни бойкот қилди
Олам
−
03 Декабрь 2020
4131АҚШ, Буюк Британия ва Эстония Россиянинг ташаббуси билан бошланган БМТ Хавфсизлик Кенгашидаги Донбасс делегацияси билан учрашувни Украина жануби-шарқидаги можаро ҳақиқатларини бузишга уриниш деб ҳисоблайди. Шу сабабли ушбу давлатлар учрашувни бойкот қилган. Бу ҳақда АҚШнинг БМТдаги доимий ваколатхонаси сайтида эълон қилинган уч давлатнинг қўшма баёнотида келтирилади.
“Ушбу учрашув Шарқий Украинадаги можарога оид ёлғон ва чалғитувчи воқеаларни тақдим этишга уриниш эканлиги аниқ эди. Биз Россия ички можарода воситачи сифатида ҳаракат қилмоқда деган тахминни қатъиян рад этамиз”, дейилади баёнотда.
АҚШ, Буюк Британия ва Эстония томонлари Минск келишувларига риоя қилиш зарурлигини яна бир бор тасдиқлашларини, шунингдек, можарони Украинанинг суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини тўлиқ ҳурмат қилган ҳолда, тинч йўл билан ҳал этиш тарафдори эканликларини таъкидлади.
“Биз Украина ҳукумати томонидан можарони ҳал қилишда олға силжиш учун қилинган қадамларни мамнуният билан қабул қиламиз ва Россияни худди шундай йўл тутишга ундаймиз”, дея қўшимча қилинган баёнотда.
Маълумот учун, кеча, 2 декабрь куни БМТ Хавфсизлик Кенгашида Минск келишувларини амалга оширишга бағишланган норасмий учрашув бўлиб ўтди. Унда ўзини ўзи мустақил, деб эълон қилган Луганск Халқ Республикасининг Донбасс алоқа гуруҳидаги ваколатли вакили Владислав Дейного ҳамда алоқа гуруҳидаги Донетск Халқ Республикасининг вакили, шунингдек, Республика Ташқи ишлар вазири Наталья Никонорова иштирок этди.
Россиянинг БМТдаги доимий вакили Василий Небензя ушбу тадбирда Украина Ҳукумати вакилининг маърузачи сифатида иштирок этиши учун Украинанинг БМТдаги доимий вакилига ёрдам сўраб, хат юборганини айтди, аммо жавоб бўлмаган.
LiveБарчаси