АҚШ Африкадаги муаммоли ҳудудда Марокаш суверенитетини тан олди

Олам

image

Марокаш, АҚШ ва Исроил расмийлари кеча, 22 декабрь куни Марокаш пойтахти Работда Қўшма декларация имзолади. Бу ҳақда "Maghreb Arabe Press" ахборот агентлиги хабар берган.

Таъкидланишича, ҳужжат Марокаш Бош вазири Саад ад-Дин ал-Усмоний, АҚШ Президентининг катта маслаҳатчиси ва куёви Жаред Кушнер ва Исроил Миллий хавфсизлик кенгаши раҳбари Меир Бен- Шаббат томонидан имзоланган. Маросим Марокаш қироли Муҳаммад VI иштирокида ўтказилган.

"АҚШ Марокашнинг бутун Ғарбий Сахара ҳудуди устидан суверенитетини тан олади ва Ғарбий Сахарада низони адолатли ва узоқ муддатли ҳал қилишнинг ягона асоси сифатида автономия бериш тўғрисидаги Марокашнинг жиддий, ишончли ва реал таклифини қўллаб-қувватлашини тасдиқлайди", дея таъкидланган ҳужжатда.

Шунингдек, декларацияда Ғарбий Сахаранинг иқтисодий ва тижорий имкониятларини ошириш учун АҚШ Ғарбий Сахаранинг Дахла шаҳрида консуллик очишни режалаштиргани маълум қилинган.

Аввалроқ, АҚШ Президенти Дональд Трамп Марокаш ва Исроил ўртасида дипломатик алоқа ўрнатилганини эълон қилганди. 

Ғарбий Сахара муаммоси

Ғарбий Сахара - Африкадаги ўз тақдирини ўзи белгилаш ҳуқуқидан ҳали фойдаланмаган ягона ҳудуд ҳисобланади. Африкадаги мустамлакачилик даврида замонавий Ғарбий Сахара ҳудуди Испанияга тегишли бўлган. 1975 йилда Мадрид ушбу ҳудудлардан воз кечган, аммо БМТ Бош ассамблеясининг собиқ мустамлакаларга ўз тақдирини ўзи белгилаш ҳуқуқини кафолатлаган резолюциясига зид равишда Испания Ғарбий Сахара ҳудудини Марокаш ва Мавритания ўртасида тақсимлаган. Бу мамлакат ўз мустақиллигини эълон қилса, ундаги ҳокимият бир неча йил олдин мустақиллик учун қуролли кураш олиб борган Полисарио фронти ташкилотидаги социалистларга берилади, деб қўрққан АҚШ босими остида амалга оширилган.

Бунга жавобан Полисарио фронти бир томонлама равишда Сахара Араб Демократик Республикасини эълон қилган. Шундан сўнг Жазоир кўмагида Марокаш ва Мавританияга қарши уруш бошлаган. Бир неча йил ўтгач, Мавритания Ғарбий Сахарадаги даъволаридан воз кечган. Марокаш, ўз навбатида, АҚШ ва Франция кўмаги билан исёнчиларга қарши муваффақиятли кураш олиб борган. 1991 йилда томонлар сулҳ битимига келишиб олган, яъни, шу вақтгача ҳудуднинг тахминан 80 фоизи Марокаш назорати остида бўлган, қолган 20 фоизи Полисарио фронти томонидан назорат қилинган.

Маълумот учун, бир ой олдин Ғарбий Сахарада 29 йил давом этган сулҳ тугаган. Аммо Полисарио фронти ҳозирча фаол ҳарбий ҳаракатлар бошламаган.


Мақола муаллифи

Теглар

АҚШ МАРОКАШ ҒАРБИЙ САХАРА

Баҳолаганлар

50

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг