АҚШ Африка малакатларига босим қиляпти – Кремль
Олам
−
26 Июль 2023
7466Жорий йилнинг 27-28 июль кунлари Россиянинг Санкт-Петербург шаҳрида иккинчи Россия-Африка саммити ва иқтисодий форуми бўлиб ўтади. Бироқ саммитга оз қолганда унда иштирок этувчи давлатлар сони қисқарди. Россия бунда АҚШ ва унинг ҳамкорларининг қўли борлигини даъво қилмоқда. Бу ҳақда бугун, 26 июль куни Кремль матбуот котиби Дмитрий Песков сўз очди.
“Америка Қўшма Штатлари ҳамкор давлатлар билан бирга Африка мамлакатларига кўрсатаётган босим Санкт-Петербургдаги саммитнинг муваффақиятига тўсқинлик қилмайди”, деган Песков.
Унинг сўзларига кўра, АҚШ, Франция ва бошқа давлатлар Африка мамлакатлари раҳбариятига босим ўтказишга, уларнинг форумда фаол иштирок этишига тўсқинлик қилишга уринмоқда.
"Бу мутлақо ғалати бўлса ҳам ҳақиқат. Аммо бу саммит муваффақиятига ҳеч қандай тўсқинлик қилмайди", дейди Кремль воизи.
Шунингдек, Песков расмий Москва Африка мамлакатлари давлат ва ҳукумат раҳбарларининг ташрифидан мамнун эканини таъкидлаган. Унинг айтишича, Россия томони саммит воқеаларга бой ва самарали бўлишини кутмоқда.
Мамлакат Президенти Владимир Путин эса Россия-Африка иқтисодий-гуманитар форуми иштирокчиларига табрик йўллаб, унинг мамлакати тўлақонли ҳамкор сифатида Африка давлатларига ўз иқтисодиёти, суверенитети ва ижтимоий барқарорлигини мустаҳкамлашда ёрдам беришда давом этишини айтган.
“Биз ҳамкорликни янада ривожлантириш, савдо, сармояни рағбатлантириш, ҳамкорликни чуқурлаштириш, қашшоқликка қарши курашиш, замонавий кадрлар тайёрлаш, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, иқлим ўзгариши каби долзарб масалаларда биргаликда ишлаш ниятидамиз. Биз африкалик ҳамкорларга миллий ва маданий суверенитетни мустаҳкамлаш, минтақавий ва глобал муаммоларни ҳал қилишда янада фаол иштирок этишда ҳар томонлама ёрдам беришда давом этамиз”, дейилган Кремль сайтида эълон қилинган табрикда.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Владимир Путин “Россия ва Африка: тинчлик, тараққиёт ва муваффақиятли келажак учун кучларни бирлаштириш” мақоласини эълон қилган ва унда Россия Африка учун Украина дони ўрнини тўлдира олишига ишонтирганди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь