АҚШ ҳусийларнинг қанотли ракеталарига зарба берди
Олам
−
05 Февраль
3877АҚШ ҳарбийлари кеча, 4 февраль куни Яманга яна бир қатор зарбалар бериб, ҳусийларнинг бешта қанотли ракеталарини нишонга олди. Бу ҳақда АҚШ Марказий қўмондонлиги (CENTCOM) маълум қилди.
"4 февраль куни Сана вақти билан тахминан 05:30 да CENTCOM кучлари ўзини ҳимоя қилиш мақсадида ҳусий қанотли ракетасини урди. Сана вақти билан соат 10:30 дан бошлаб CENTCOM тўртта кемага қарши қанотли ракетани урди, уларнинг ҳар бири Қизил денгиздаги кемалар томон учиришга тайёр турган эди”, дейилади қўмондонлик Х’да эълон қилинган баёнотда.
Ўз навбатида, ҳусийлар вакили Яҳё Сария АҚШ ва Британиянинг Ямандаги ҳаво ҳужумларини жавобсиз қолдирмасликка ваъда берди.
Унинг айтишича, зарбалар Яман пойтахти Санадаги ҳусийлар позицияларига, шунингдек, улар жойлашган бошқа ҳудудларга берилган.
"Ҳужумлар бизни Ғазо секторидаги Фаластин халқини қўллаб-қувватлашни тўхтатишга мажбур қилмайди", дейди Яҳё Сария.
Қайд этиш жоизки, Ғазо секторида можаро авж олганидан сўнг, ҳусийлар Исроил ҳудудига ҳужумлар уюштириш ва уруш тугагунга қадар улар билан боғлиқ кемаларнинг Қизил денгиз ва Боб ал-Мандеб бўғози сувлари орқали ўтишига йўл қўймасликларини айтган. Ҳусийлар ўтган йилнинг ноябрь ойи ўрталаридан бери Қизил денгиз ва Адан кўрфазида ўнлаб фуқаролик кемаларига ҳужум қилган.
Бунга жавобан АҚШ, Баҳрайн, Буюк Британия, Испания, Италия, Канада, Нидерландия, Норвегия, Сейшель ороллари ва Франция каби давлатлар ҳусийларга қарши “Prosperity Guardian” (Фарвонлик қўриқчиси) операциясини эълон қилди. АҚШ ва Буюк Британия икки марта қўшма операция ўтказиб, Яман ҳудудидаги нишонларга зарба берди. Бундан ташқари, АҚШнинг ўзи ҳам бир неча бор ҳусийларга ҳужум қилди.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ америкалик расмийларга таяниб, “Financial Times” нашри АҚШ Хитойдан Эронни ҳусийларга таъсир ўтказишга ундашни сўрагани, аммо Пекиндан арзирли жавоб бўлмаганини хабар қилганди. Кейинчалик, “Reuters” агентлиги Эрондаги манбаларига таяниб, Хитой Эрондан Ямандаги ҳусийларнинг Қизил денгиздаги кемаларга ҳужумларини тўхтатишда ёрдам сўраганини ёзди. Ямандаги ҳусийлар вакили эса ҳаракат Қизил денгиздаги Россия, Хитой ёки Германия кемаларига ҳужум қилиш ниятида эмаслигини айтган.
LiveБарчаси