АҚШ ҳусийларнинг денгиз дронларига зарба берди

Олам

image

АҚШ ҳарбийлари Ямандаги ҳусийларнинг иккита ҳарбий-денгиз дронини ўққа тутди. Бу ҳақда АҚШ Қуролли кучлари марказий қўмондонлиги (CENTCOM) маълум қилди.

CENTCOM’га кўра, дронлар АҚШ ҳарбий кемалари ва бошқа савдо кемаларига таҳдид солган. Операция 5 февраль куни маҳаллий вақт билан тахминан 15:30 да амалга оширилган.

“АҚШ Марказий қўмондонлиги кучлари ўзини ҳимоя қилиш мақсадида ҳусийларнинг экипажсиз иккита портловчи қурилмасига зарба берди”, дейилади баёнотда.

Қайд этиш жоизки, Ғазо секторида можаро авж олганидан сўнг, ҳусийлар Исроил ҳудудига ҳужумлар уюштириш ва уруш тугагунга қадар улар билан боғлиқ кемаларнинг Қизил денгиз ва Боб ал-Мандеб бўғози сувлари орқали ўтишига йўл қўймасликларини билдирган. Ҳусийлар ўтган йилнинг ноябрь ойи ўрталаридан бери Қизил денгиз ва Адан кўрфазида ўнлаб фуқаролик кемаларига ҳужум қилган.

Бунга жавобан АҚШ, Баҳрайн, Буюк Британия, Испания, Италия, Канада, Нидерландия, Норвегия, Сейшель ороллари ва Франция каби давлатлар ҳусийларга қарши “Prosperity Guardian” (“Фарвонлик қўриқчиси”) операциясини эълон қилди. АҚШ ва Буюк Британия бир неча бор қўшма операция ўтказиб, Яман ҳудудидаги нишонларга зарба берди. Бундан ташқари, АҚШнинг ўзи ҳам ҳусийлар нишонларига ҳужум қилиб келмоқда.

Эслатиб ўтамиз, АҚШ ҳарбийлари 4 февраль куни ҳам Яманга бир қатор зарбалар бериб, ҳусийларнинг бешта қанотли ракеталарини нишонга олганди.


Мақола муаллифи

Теглар

АҚШ Яман ҳусийлар

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг