АҚШ ҳусийлар ҳаракатини қайта террорчи ташкилотлар рўйхатига киритди

Олам

image
Байден ҳусийларни “террорчи гуруҳ” деб ҳисоблашини айтди north_east

Байден ҳусийларни “террорчи гуруҳ” деб ҳисоблашини айтди

Америка Қўшма Штатлари Ямандаги ҳусийлар ҳаракатини бироз танаффусдан сўнг яна террорчи ташкилотлар рўйхатига киритди. Бу ҳақда журналистлар учун ўтказилган махсус брифингда Америка маъмуриятининг юқори мартабали вакили маълум қилди.

Унинг сўзларига кўра, кўплаб огоҳлантиришлар ва дипломатик саъй-ҳаракатларга қарамай, ҳусийларнинг ҳужумлари тўхтамаган. Ушбу давом этаётган ва кучайиб бораётган агрессияга жавобан Қўшма Штатлар ҳусийларни террорчи ташкилот сифатида белгилаган. 

"Тадбирлар Эрон томонидан қўллаб-қувватланган ҳусийларнинг Қизил денгиз ва Адан кўрфазида давом этаётган ҳужумлари туфайли кўрилди. Ушбу ҳужумлар терроризм намунасидир, улар халқаро ҳуқуқни бузади, ҳаётга, глобал савдога жиддий хавф туғдиради ва гуманитар ёрдам етказилишини тўсади. Қўшма Штатлар ўз ҳаракатлари билан ҳусийларга босим ўтказишга умид қилмоқда, бу эскалацияни пасайтириш ва уларнинг хатти-ҳаракатларини яхши томонга ўзгартириш мақсадини кўзлайди. Агар ҳусийлар шартларимизга кўнса, биз уларни рўйхатдан чиқариш ҳақида ўйлашимиз мумкин", дейди у.

Маъмурият матбуот котиби қарор 30 кундан кейин кучга киришини таъкидлади. Унинг айтишича, бу Яманнинг тинч аҳолиси чекловлардан азият чекмаслиги учун мамлакатга гуманитар ёрдам етказиш механизмларини яратиш учун зарур. 

“Хусусан, Яманга денгиз орқали озиқ-овқат, дори-дармон ва ёқилғи етказиб бериш санкциялардан чиқарилади. АҚШ Молия вазирлигининг Хорижий активларни назорат қилиш бошқармаси бундай юк ташиш, портлар, аэропортлар ва телекоммуникациялар билан боғлиқ операциялар ва жисмоний шахслар ўртасида пул ўтказмаларини амалга оширишга рухсат берувчи бешта умумий лицензия беради”, дейди расмий.

Яман ҳукумати АҚШнинг ҳусийлар ҳаракатини “хорижий террорчи ташкилот” рўйхатига киритиш қарорини олқишлади. Расмий баёнотда АҚШнинг қарори Яман ҳукумати қарорига тўғри келиши таъкидланган.

“АҚШнинг ушбу қарори Яман ҳукуматининг халқаро ҳамжамиятни Яман халқини ушбу террористларнинг зулмидан ҳимоя қилиш учун жиддий қадамлар қўйишга қаратилган доимий чақириғига жавобдир", дейилади расмий хабарда.

Баёнотда ҳусийлар “террорчилик ҳаракатларини бас қилишга, Эронга содиқликдан воз кечишга, шунингдек, Яман ҳамда бутун минтақа хавфсизлиги ва барқарорлигини сақлашга қаратилган тинчлик ташаббусларини қабул қилишга” чақирилади.

Маълумот учун, Американинг собиқ етакчиси Дональд Трампнинг маъмурияти ҳусийлар ҳаракатини террорчилик ташкилотлари рўйхатига киритган. Бироқ ҳокимиятга Жо Байден келгач, улар ушбу рўйхатдан чиқарилган. АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен ўшанда бу қарор гуманитар сабабларга кўра қабул қилинганини айтганди.


Мақола муаллифи

Теглар

АҚШ Яман ҳусийлар

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг