АҚШ ҳукумати Google’нинг бўлинишини талаб қилди
Технология
−
22 Апрель 3698 2 дақиқа
АҚШда технологик гигант Google компаниясини бўлиш масаласи бўйича суд жараёнлари давом этмоқда. Бу ҳақда “The New York Times” нашри хабар берди.
Нашрнинг ёзишича, суд аллақачон Google’ни онлайн-қидирув соҳасида монополист деб тан олган.
“Google монополист ва ўз монополиясини сақлаб қолиш учун шунга яраша ҳаракат қилмоқда”, деган судья.
Эндиликда судда АҚШ ҳукумати ва Google компанияси ўртасида онлайн қидирув бозорида рақобатни қандай тиклаш кераклиги устида баҳс юритилмоқда.
Адлия вазирлиги қуйидагиларни талаб қилмоқда:
- Google компанияси Chrome браузерини сотиши, бу орқали қидирув тизимини такомиллаштиришда фойдаланиладиган асосий маълумот манбаидан ажратилиши керак;
- Компания ўзида мавжуд муқобил хизматларга ёрдам бериши мумкин бўлган муҳим маълумотларнинг бир қисмини рақобатчиларга топшириши лозим;
- Қидирув тизимини қурилмаларда биринчи ўринга жойлаштириш учун бошқа компанияларга пул тўлашни тақиқлаш.
Агар бу чоралар натижа бермаса, Адлия вазирлиги Google’ни Android операцион тизимида сотишга мажбур қилиш ҳуқуқини ҳам олишни кўзламоқда.
Суд ҳужжатларида келтирилишича, ҳозирда Google’нинг умумий қиймати 1,86 триллион долларга баҳоланмоқда.
Маълумот учун, АҚШ Адлия вазирлиги 2020 йилда Google’га қарши антимонопол даъво аризаси киритган. Компания рақобатга тўсқинлик қилишда, яъни ўз қидирув тизимини веб-браузерлар ва смартфонларнинг асосий экранларида олдиндан ўрнатиш бўйича келишувлар тузишда айбланмоқда. Масалан, 2021 йилда Google Apple ва Samsung компанияларига жами 26,3 миллиард доллар тўлаган.
Google эса ўзини ҳимоя қилиб, фойдаланувчилар танлови компаниянинг маҳсулоти рақобатчилардан, масалан, Microsoft’нинг Bing ёки DuckDuckGo’дан яхшироқ бўлгани сабабли юз берганини таъкидламоқда.
Эслатиб ўтамиз, ўтган йилнинг октябрь ойида АҚШ Адлия вазирлиги Alphabet – Google компаниясининг эгасидан суд орқали компаниянинг айрим қисмларини, масалан, Chrome браузери ва Android операцион тизимини сотишни талаб қилиши мумкинлигини маълум этганди.
Live
Барчаси