АҚШ ҲАМАС асир олган америкаликларни озод қилиш йўлларини қидирмоқда – Блинкен
Олам
−
13 Октябрь 2023
3668Америка Қўшма Штатлари ҲАМАС ҳаракати қўлида бўлган америкаликларни қутқаришнинг барча имкониятларини кўриб чиқмоқда. Бу ҳақда АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен ABC телеканалига берган интервьюсида айтиб ўтди.
“Биз уларни оилаларига қайтариш учун барча имкониятларни ҳисобга олган ҳолда қўлимиздан келганини қиляпмиз. Бизда бу борада катта тажриба бор. Шунга қарамай махфийлик ва хавфсизликни инобатга олиб, бу ҳақида батафсил маълумот бера олмайман", деган Блинкен.
Дипломатнинг таъкидлашича, бундай вазиятларда АҚШ Президенти Жо Байден "ҳар доим қатъий" ва "барча имкониятларни ўрганишга" интилган.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ “Associated Press” агентлиги ҲАМАС асирга олинганлардан АҚШ ва Исроил қамоқхоналарида сақланаётган фаластинликларни озод қилиш бўйича музокараларда фойдаланишни режалаштираётгани ҳақида ёзганди. Энтони Блинкен эса Исроилга ташрифи чоғида бошқа давлатлар ёки террорчилар томонидан Исроилга ҳужум қилинган тақдирда, АҚШ уни ҳимоя қилишини айтганди.
Исроил-Фаластин можароси
Жорий йилнинг 7 октябрь куни эрталаб Ғазо секторидан Исроил ҳудудига ракета ҳужуми бошланди. Кейинчалик ҲАМАС Исроилга қарши “Ал-Ақсо тўфони” ҳарбий операцияси бошлаганини эълон қилди. Исроил Мудофаа кучлари эса бунга жавобан “Темир қиличлар” “аксилтеррор операцияси”ни бошлади.
Шундан сўнг, Бош вазир Биньямин Нетаньяху исроилликларга мурожаат билан чиқиб, мамлакатда содир бўлаётган воқеалар ҳарбий операция эмас, балки тўлақонли уруш эканини айтди. 9 октябрь куни Исроил Мудофаа вазири Йоав Галант Исроил ҳарбийлари Ғазо секторини кенг кўламли блокадага киришаётганини маълум қилди. У Ғазо секторида электр, озиқ-овқат, ёқилғи бўлмаслигини, ҳамма нарса ёпилишини айтди.
Шунингдек, Исроил Ғазо секторидаги Ал-Ярмук, Ал-Эмин Муҳаммад, Аҳмад Ясин, Муҳаммад Эл-Ҳабиб, Эс-Суси ва Ал-Ғарби масжидларига зарба берди. Бу орада Америка Қўшма Штатлари Ғазо сектори атрофидаги кескинлик фонида “Эронни жиловлаш учун” Яқин Шарққа қўшимча 20-25 та F-35 ва F-15 қирувчи самолётларини юбориши маълум бўлди. Германия эса Фаластин ҳудудларидаги гуманитар лойиҳалар учун аввал тасдиқланган маблағларни ажратишни тўхтатди.
Венесуэла Президенти Николас Мадуро эса Исроилни Фаластин халқини қирғин қилишда айблаб, зудлик билан тинчлик музокараларини бошлаш ва Фаластиннинг ҳудудий ҳуқуқларини кафолатловчи БМТ резолюцияларини амалга оширишга чақирди. Россия Президенти Владимир Путин ҳам мустақил суверен Фаластин давлатини яратиш зарурлигини айтиб ўтди. Шунингдек, у Исроил ва ҲАМАС ўртасидаги қуролли тўқнашувларни АҚШ сиёсати муваффақиятсизлигининг яққол мисоли деб атади. Украина Президенти Владимир Зеленский эса Яқин Шарқдаги бу можародан Россия манфаатдорлигини таъкидлади.
Сўнгги маълумотларига кўра, қуролли тўқнашувлар оқибатида Ғазода 1537 киши, жумладан 500 бола ва 276 аёл ҳалок бўлган. Исроил томонидан қурбон бўлганлар эса 1,3 минг кишига етган.
LiveБарчаси