АҚШ ҳам ядровий доктринани ўзгартирмоқда
Олам
−
12:57
1924АҚШ Россия ва Хитойнинг ядровий қудратини кучайтириши сабабли ўзининг ядровий стратегиясини қайта кўриб чиқади. Бу ҳақда “Америка овози” хабар берди.
АҚШ Мудофаа вазирлигининг оммавий қирғин қуролларига қарши кураш ва ядро сиёсати бўйича ёрдамчиси ўринбосари Ричард Жонсоннинг сўзларига кўра, АҚШ бир вақтнинг ўзида бир нечта ядровий рақиб билан юзма-юз келмоқда ва бу давлатлар ўз ядровий арсеналини янгилаб, миллий хавфсизлик стратегияларида ядровий қуролнинг аҳамиятини оширмоқда. Мазкур шароитда Вашингтон “ядровий тийиб туриш” доктринасига содиқ қолмоқда, лекин бу стратегия янги таҳдидларга мослаштирилиши зарур.
Шунингдек, у АҚШ Мудофаа вазирлиги ва Миллий ядро хавфсизлиги бошқармаси ядровий тийиб туришни кучайтириш чораларини кўраётганини маълум қилди. Буларга янги B61-13 гравитацион бомбасининг ишлаб чиқилиши ва ядро қуроли билан жиҳозланган Ohio синфидаги атом сувости кемаларини жанговар ҳолатга келтириш киради.
Қайд этилишича, АҚШнинг янги ядровий стратегияси бир вақтнинг ўзида кўплаб ядровий рақибларни тийиб туришга йўналтирилган. Бу стратегия доирасида АҚШ ядровий ва ядровий бўлмаган воситаларни интеграциялашишга урғу беради, бу эса ўз навбатида ядровий тийиб туриш миссиясини қўллаб-қувватлашни мақсад қилади. Пентагоннинг сўнгги ҳисоботида, айниқса, эскалацияни бошқариш зарурлиги таъкидланмоқда, яъни бунда чекланган ядровий ҳужум ёки катта оқибатларга олиб келадиган ядросиз стратегик ҳужумларга жавобан режалаштирилган таҳлил ва жавоб ҳаракатларини амалга ошириш назарда тутилади.
Бундан ташқари, Пентагон мутахассислари стратегик барқарорликни сақлаш учун ядро кучларини, қўмондонлик тизимини ва зарур инфратузилмани модернизация қилиш зарурлигини таъкидламоқда. Қўшма штабнинг стратегик барқарорлиги бўйича директор ўринбосари Грант Шнайдернинг сўзларига кўра, 2030 йилларга тайёр бўлиш учун АҚШ янги таҳдидлар ва ўзгаришларга мослашиш имкониятини яратиш учун технологияларни янгилашни давом эттиради.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Россия Президенти Владимир Путин ядровий қуролдан фойдаланиш тамойилларини ўзгартириш ва ядровий тўсиқ бўйича давлат сиёсати асосларини янгилашни таклиф қилиб, ядро қуролидан фойдаланишнинг янги шартларини айтган эди.
LiveБарчаси