Путин ядро қуролидан фойдаланишнинг янги шартларини айтди
Олам
−
25 Сентябрь
12005Россия Президенти Владимир Путин ядровий қуролдан фойдаланиш тамойилларини ўзгартириш ва ядровий тўсиқ бўйича давлат сиёсати асосларини янгилашни таклиф қилди. Бу ҳақда у бугун, 25 сентябрь куни Россия Федерацияси Хавфсизлик кенгаши йиғилишида маълум қилди.
"Ҳар қандай ядровий бўлмаган давлат томонидан, лекин ядровий давлат иштирокида ёки кўмагида Россияга қарши тажовуз уларнинг Россия Федерациясига қўшма ҳужуми деб ҳисобланиши таклиф этилади", деган Путин.
У мавжуд меъёрларни тузатиш зарурлигини ҳозирги ҳарбий-сиёсий вазиятдаги "динамик ўзгаришлар" ҳамда Россия Федерацияси ва унинг иттифоқчилари учун "ҳарбий таҳдидлар ва хавфларнинг янги манбаларининг пайдо бўлиши" билан боғлади.
Путин Россия Федерацияси ва Беларусга қарши "агрессия содир бўлган тақдирда ядро қуролидан фойдаланиш ҳуқуқини" ўзида сақлаб қолишини таъкидлади. Бундан ташқари, у Беларусь ҳукмдори Александр Лукашенко билан "бу масалаларнинг барчаси келишилган"ини айтди.
“Ядро қуроллари, шу жумладан, агар душман оддий қуроллардан фойдаланган ҳолда Россия Федерацияси ёки Беларусь суверенитетига жиддий хавф туғдирса, қўлланилади”, деди Россия Президенти.
Айни пайтда, 2020 йилдан бери амалда бўлган Россиянинг ядровий тўхтатувчилик доктринасига ўзгартиришлар киритилиши номаълумлигича қолмоқда. Ушбу ҳужжатда Россия Федерацияси ўзига ёки унинг иттифоқчиларига қарши ядровий ёки бошқа оммавий қирғин қуролларини қўллашга жавобан, шунингдек, Россия Федерациясига оддий қуроллардан фойдаланган ҳолда тажовуз қилинган тақдирда ва давлатнинг мавжудлиги таҳдид остида бўлса, ядро қуролидан фойдаланиш мумкинлиги қайд этилган,
Аввалроқ Россия Федерацияси Ташқи ишлар вазири ўринбосари Сергей Рябков Ғарбнинг сўнгги можаролари ва ҳаракатлари таҳлили асосида ядровий доктринага ўзгартиришлар тайёрланиши ҳақида маълум қилган. Унинг сўзларига кўра, "тузатиш қилиш нияти аниқ, бу ҳам сўнгги йилларда можароларнинг ривожланиши тажрибасини ўрганиш ва таҳлил қилиш билан боғлиқ".
LiveБарчаси