Агар вазият ўзгармаса, Афғонистондан кўра Марказий Осиё кўпроқ зарар кўради – Амир Исмоилхон
Олам
−
28 Ноябрь 2023
41789Афғонистондаги ҳозирги вазият минтақавий ва глобал муаммодир, ҳолат агар шундай давом этса, фақатгина Афғонистон унинг қурбони бўлмайди. Бу сўзларни Ҳирот вилоятининг собиқ раҳбари Амир Муҳаммад Исмоилхон кеча, 27 ноябрь куни Тожикистонда бўлиб ўтган “Ҳирот хавфсизлик мулоқоти” йиғилишидаги нутқида айтиб ўтди.
Журналистлар саволларига жавоб берар экан, Муҳаммад Исмоилхон халқаро ҳамжамиятнинг бугун Афғонистонда содир бўлаётган воқеаларга бевосита алоқаси борлигини, чунки НАТО, Америка ва бошқа давлатлар ўтган 20 йил давомида Афғонистонда бўлганини эслатиб ўтган.
“Афғонистон Американинг мамлакатда бўлишини истамагани учун қурбон бўлди. Минтақада эса, шу нуқтайи назардан қараганда, “Толибон”га нисбатан юмшоқ муомала қилинган. Америка кетганидан кейин вазият бутунлай ўзгарди. Аммо ҳозир вазият халқаро ҳамжамиятдан кўра минтақа учун хавфлироқ. Умид қиламизки, минтақа бу хавфнинг ҳақиқатини тушунади ва узоқни кўради. Агар бу бажарилмаса, нафақат Афғонистон қурбон бўлади, балки минтақанинг бошқа давлатлари ҳам зарар кўради”, дейди Амир Исмоил Хон.
Унинг қайд этишича, Афғонистондаги амалдаги ҳукумат мухолифлари ўртасида ҳеч қандай келишмовчилик йўқ ва улар бирлашишлари учун қулай шарт-шароит кутмоқда.
Шу билан бирга, Исмоил Хон “Ҳирот хавфсизлик мулоқоти” каби минтақавий учрашувлар асосан самарасиз бўлиб, уларнинг иштирокчиларига фақат суҳбатлашиш ва фикр билдириш имкониятини беришини билдирган.
“Мазкур учрашувлар Афғонистон халқи мавжуд вазиятдан мамнун эмаслигини, мамлакатда зулм ҳукм сураётганини одамларга, бутун дунёга англатаётгани яхши. Аммо муаммоларни ҳал қилиш учун бундай учрашувлар самарасиз”, дейди Исмоил Хон.
Шунингдек, у халқаро ҳамжамият, айниқса, хорижий давлатлар Афғонистондаги вазиятга нафақат ташқаридан аралашиб, балки бу мамлакатдаги муаммоларнинг марказида ҳам туришини билдирган.
Амир Муҳаммад Исмоилхон Ҳиротнинг собиқ ҳокими бўлиб, "Ҳиротлик шер" номи билан ҳам машҳур. У сўнгги бир неча ўн йилликда Афғонистон сиёсатидаги кўзга кўринган шахслардан бири. 2021 йил ёзида Афғонистонда “Толибон” ҳокимиятга келганидан сўнг, Исмоил Хон бир муддат толиблар қўлида асирликда бўлиб, озодликка чиққанидан кейин Эронга жўнаб кетган.
Душанбеда “Ҳирот хавфсизлик мулоқоти” кеча бошланган бўлиб, бугун ҳам давом этади. Унда собиқ Афғонистон ҳукуматининг расмийлари ҳам иштирок этмоқда. “Толибон” вакилларига ҳам таклифнома юборилган, бироқ улар анжуманда иштирок этмаяпти.
2012 йилдан 2021 йилгача “Ҳирот хавфсизлик мулоқоти” Афғонистоннинг Ҳирот шаҳрида бўлиб ўтган. Ушбу йиғилиш иккинчи йилдирки Душанбеда ўтказилмоқда.
LiveБарчаси