Африка Россиядан қурол сотиб олади ва ташқи босимдан қўрқмайди – Путин
Олам
−
30 Июль 2023
9250Африка давлатлари Россия билан ҳарбий-техникавий ҳамкорлик соҳасида, жумладан, қурол сотиб олишда ташқи босимдан қўрқмасдан ишламоқда. Бу ҳақда Россия Президенти Владимир Путин иккинчи Россия-Африка саммити якунлари бўйича чиқишида айтиб ўтди.
Маълум қилинишича, Президент Африка давлатлари Россия Федерацияси билан ҳамкорликни давом эттиришини чин дилдан исташини айтган.
"Жумладан, ҳарбий-техникавий ҳамкорлик соҳасида ҳам. Улар ташқаридан ҳеч қандай босимдан қўрқмасдан биз билан ишлайди ва қурол сотиб олади", дейди Путин.
Унинг сўзларига кўра, Россия Мудофаа вазирлиги Африка давлатларидан ўнлаб ва юзлаб ҳарбий хизматчиларни ўқитади.
“Улар биздан ўрганишади, бу ҳам келажак учун яхши бошланиш. Айтмоқчиманки, ҳарбий касб эгалари ўз уйларига қайтиб, алоқаларни, маълум даражадаги ишончни, ишлаш қобилиятини сақлаб қолишади ва бизнинг техникамизда жанг қилишади”, дейди Россия раҳбари.
Унинг қайд этишича, Россия ва Африка ўртасида икки тараф учун ҳам фойдали кўплаб соҳаларда ҳамкорлик қилиш имконияти мавжуд.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 17 июль куни Россия томони Қора денгиздаги гуманитар йўлаклар орқали Украина ғалласини хавфсиз экспорт қилиш бўйича келишувни узайтирмаган ва буни Истанбул келишувининг иккинчи қисми бажарилмагани билан изоҳлаганди. Россия-Африка иқтисодий ва гуманитар форумида сўзлаган Путин эса Россия яқин ойлар ичида Африка давлатларига донни текинга етказиб беришини айтди. Шундан сўнг, Жанубий Африка Президенти Сирил Рамафоса Россия раҳбари Владимир Путинни ғалла бўйича келишувни давом эттиришга чақирди.
LiveБарчаси