Афғонистоннинг Лондондаги элчихонаси ёпилади
Олам
−
09 Сентябрь
4490Британия ҳукумати Афғонистон собиқ ҳукумати томонидан тайинланган мамлакат элчихонасини ёпиш тўғрисида афғон дипломатларини хабардор қилди. Бу ҳақда аввалги ҳукуматнинг Лондондаги элчиси Залмай Расул маълум қилди.
Қайд этилишича, бу ҳаракат июль ойида “Толибон”нинг аввалги ҳукумат томонидан ташкил этилган элчихоналарни, жумладан Кенсингтондаги миссияни энди тан олмаслик тўғрисида эълон қилганидан кейин амалга оширилди.
“Биз ушбу давр мобайнида Афғонистоннинг Лондондаги элчихонаси билан самимий ҳамкорлик қилган барча ҳамкасблар, фуқаролар ва тегишли муассасаларга миннатдорчилик билдирамиз ва уларни қадрлаймиз”, дейди Залмай Расул.
Айтилишича, элчихона 27 сентябрь куни расман ёпилади.
Маълумот учун, Афғонистон собиқ раҳбари Ашраф Ғани ҳукумати қулаганига қарамай (2021 йил август) мамлакатнинг бутун дунё бўйлаб (асосан Ғарбдаги) элчихоналари ходимлари ишлашда давом этмоқда. Шунингдек, Яқин Шарқ ва Осиёдаги бир қатор давлатлар амалдаги ҳукумат – “Толибон”нинг дипломатик ваколатхоналарини аллақачон қабул қилган. Июль ойи охирида “Толибон” собиқ ҳукумат томонидан очилган дипломатик ваколатхоналарни энди тан олмаслигини, шу сабабли аввалги маъмуриятга алоқадор ходимлар томонидан берилган паспорт, визалар ва бошқа ҳужжатлар ҳам расман кучини йўқотганини эълон қилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Бирлашган Араб Амирлиги “Толибон” муваққат ҳукумати элчисининг ишонч ёрлиқларини қабул қилган эди.
LiveБарчаси