Афғонистонга оммавий очлик хавф солмоқда
Олам
−
25 Август 2021
7277“Толибон” Афғонистон пойтахти Қобулни қўлга киритганидан бери, кўплаб афғонлар ҳар куни ишсиз қолиш хавфига дуч келмоқда, шунингдек озиқ-овқат нархи ўсмоқда. Бу ҳақда “Reuters” хабар берган.
Таъкидланишича, одамлар доимий равишда ўзларини озиқ-овқат билан таъминлаш ва турар-жой ижарасига тўлов ҳақида қайғуришига тўғри келмоқда.
“Мен ўзимни йўқотиб қўйдим, ўз хавфсизлигим ва омон қолишим, болаларим ва оиламни қандай боқиш ҳақида бошим қотган”, дейди маошидан маҳрум бўлган Қобулдаги собиқ полиция ходими.
Собиқ полиция ходимининг сўзларига кўра, “Толибон” Қобулни эгаллашидан олдин у 260 доллар маош олган. У бутун оиласи — ўзи, рафиқаси ва тўрт фарзандини шу пулга боқар эди.
“Мен ижарага олинган квартирада яшайман ва сўнгги уч ой давомида уй эгасига пул тўламаганман”, дея қўшимча қилган собиқ полиция ходими.
Қайд этилишича, қурғоқчилик мавсумидан сўнг, қишлоқ аҳолисига оммавий очлик таҳдид солган ҳамда улар чодирларда ва вақтинчалик бошпаналарда ҳаётларини сақлаб қолиш учун шаҳарларга кетишга мажбур бўлган.
Халқаро гуманитар агентликларнинг айтишича, Афғонистонга тижорат рейсларининг тўхтатилиши дори-дармон ва бошқа ёрдамларни етказиб беришни имконсиз қилган.
Жангариларнинг провинция шаҳарлари бўйлаб тез юриши маҳаллий афғон валютасининг қадрсизланишига ва асосий озиқ-овқат маҳсулотлари нархининг ўсишига олиб келган. Ун, ёғ ва гуруч бир неча кун ичида 10-20 фоизга қимматлашган. Western Union офисларининг ёпилиши туфайли чет элдан пул ўтказмалари тўхтатилган.
Fitch Solutions компаниясининг Осиёдаги мамлакатлар хавфи бўйича раҳбари Анвита Басунинг фикрича, яқин келажакда мамлакатда жиддий инқироз юз беради.
“Шу каби шароитда бўлган Мьянма ва Сурия мамлакатлари ялпи ички маҳсулотининг тахминан 10-20 фоизга пасайишига дуч келди. Бундай сценарийни Афғонистон учун ҳам истисно қилиб бўлмайди”, деган у.
Басунинг айтишича, шу ойнинг ўзида етти фоиздан зиёд арзонлашган афғон валютаси яна тушиши мумкин. Сабаби, АҚШ “Толибон”га тақиқ қўйиш мақсадида давлатнинг аксарият ташқи активларини музлатиб қўйган. Экспертнинг фикрича, ҳозир Афғонистон иқтисодиёти гиперинфляция хавфига дуч келмоқда.
Бундан ташқари, ўнлаб йиллар давом этган уруш соғлиқни сақлаш тизимига ҳам путур етказган. Басунинг айтишича, афғонларнинг коронавирусга қарши вакцина олиш имконияти ҳамиша кам бўлган, аммо ҳозир вазият янада “аянчли” тус олган.
Аввалроқ, мамлакатда тинч фуқаролар ва Афғонистон миллий хавфсизлик кучларининг собиқ ходимларини судсиз қатл қилиш, аёлларнинг ҳуқуқларини чеклаш, шу жумладан, эркин ҳаракатланиш ва қизларнинг мактабда ўқиш ҳуқуқи “Толибон” жангарилари томонидан қўпол равишда бузилаётгани тўғрисида хабар бергандик.
20 йил деганда Афғонистонни тарк этаётган АҚШ
2001 йили Нью-Йоркда теракт (террорчилик ҳаракати) амалга оширилди. Шундан сўнг, АҚШ ва у аъзо бўлган НАТО кучлари Афғонистонга қўшин киритди. Шу билан Америка тарихида энг узоқ давом этган 20 йиллик афғон уруши бошланди. Кичик Жорж Буш, Барак Обама ва Дональд Трамп каби АҚШ Президентлари ушбу урушни якунлай олмади. Фақат Президент Байден даврига келиб Афғонистондан мамлакат қўшинларини олиб чиқиб кетиш бошланди. Бу жараён жорий йилнинг 31 август куни якунланади.
Афғонистондаги давлат тўнтариши
Афғонистонни бир йирик куч тарк этиши ортидан бошқа бир куч — “Толибон” мамлакат ҳудудларини эгаллай бошлади. Қайд этиш керакки, АҚШ қўшинларининг Афғонистонни тарк этиши охирига етмай туриб, “Толибон” мамлакат пойтахтини эгаллади. 15 август куни Афғонистон Ислом Республикасини қулатган толиблар 19 август куни Афғонистон Ислом Амирлиги тузилганини эълон қилди.
LiveБарчаси