БМТ “Толибон” тинч аҳолини судсиз қатл қилгани, болаларни ёлланма аскарга айлантирганини эълон қилди

Олам

image

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг (БМТ) Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари Мишель Бачелетнинг айтишича, унинг идорасига “Толибон” жангарилари томонидан асосий инсон ҳуқуқлари қўпол равишда бузилгани тўғрисида ишончли хабарлар келган. Бу ҳақда “Интерфакс” нашри ёзмоқда.

“Гап тинч фуқаролар ва Афғонистон миллий хавфсизлик кучларининг собиқ ходимларини судсиз қатл қилиш, аёлларнинг ҳуқуқларини чеклаш, шу жумладан, эркин ҳаракатланиш ва қизларнинг мактабда ўқиш ҳуқуқи ҳақида бормоқда. Болалар аскарликка ёлланмоқда ва тинч намойишлар бостирилмоқда”, дейди Бачелет БМТ Инсон ҳуқуқлари кенгашининг навбатдан ташқари сессияси чоғида.

У алоҳида эътиборни илгари ҳаракат вакиллари аёллар ва этник ҳамда диний озчиликларнинг ҳуқуқларини ҳурмат қилиш бўйича мажбурият олганига қаратган. Шунингдек, Бачелет “Толибон”ни ваъдаларни бажаришга чақирган.

Эслатиб ўтамиз, 2021 йил август ойида Афғонистонда ҳокимиятни қўлга олган “Толибон” жангарилари уларнинг бошқаруви 1990-йилларга қараганда юмшоқроқ бўлишига ваъда берган. Хусусан, толиблар Афғонистон аёлларини университетгача ўқиш, ишлаш ва кўчада ёлғиз юриш ҳуқуқидан маҳрум қилмасликка ҳам сўз берганди.

20 йил деганда Афғонистонни тарк этаётган АҚШ

2001 йили Нью-Йоркда теракт (террорчилик ҳаракати) амалга оширилди. Шундан сўнг, АҚШ ва у аъзо бўлган НАТО кучлари Афғонистонга қўшин киритди. Шу билан Америка тарихида энг узоқ давом этган 20 йиллик афғон уруши бошланди. Кичик Жорж Буш, Барак Обама ва Дональд Трамп каби АҚШ Президентлари ушбу урушни якунлай олмади. Фақат Президент Байден даврига келиб Афғонистондан мамлакат қўшинларини олиб чиқиб кетиш бошланди. Бу жараён жорий йилнинг 31 август куни якунланади. 

Афғонистондаги давлат тўнтариши

Афғонистонни бир йирик куч тарк этиши ортидан бошқа бир куч — “Толибон” мамлакат ҳудудларини эгаллай бошлади. Қайд этиш керакки, АҚШ қўшинларининг Афғонистонни тарк этиши охирига етмай туриб, “Толибон” мамлакат пойтахтини эгаллади. 15 август куни Афғонистон Ислом Республикасини қулатган толиблар 19 август куни Афғонистон Ислом Амирлиги тузилганини эълон қилди.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

181

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг