Афғонистондаги масжидда отишма содир бўлди. Қурбонлар бор

Олам

image

Шимолий Афғонистоннинг Бағлон вилоятидаги масжидда номаълум шахслар 12 кишини отиб ташлади. Бу ҳақда ўз манбаларига таяниб, “Khaama Press” хабар берди.

Қайд этилишича, ушбу воқеа кеча, 21 ноябрь куни кечқурун вилоят маркази Наҳриннинг эски шаҳридаги “Саййид Подшоҳ оға” масжидига қуролли шахсларнинг бостириб кириши оқибатида содир бўлган. Улар намоз ўқиётган одамларни отиб ташлаган. 

“Манбалар Наҳрин ҳудудида номаълум қуролланган шахслар томонидан ўтказилган отишма оқибатида 12 киши ҳалок бўлганини хабар қилди”, дейилади хабарда.

“Tolo news” нашрига кўра, ҳужум оқибатида ҳалок бўлганларнинг аксарияти ўсмир ёшдаги болалар.

Бағлон вилояти полицияси бошқармаси бошлиғи Абдул Қаюр Ғодимнинг сўзларига кўра, хавфсизлик кучлари ҳодиса бўйича бир нечта гумонланувчини ҳибсга олган ва жиноят иши юзасидан тергов бошланган. Ҳозирча ҳеч бир экстремистик гуруҳ ушбу воқеа учун жавобгарликни ўз зиммасига олмаган.

“Khaama Press”нинг ёзишича, бундай фожеалар минтақадаги қашшоқлик ва гуманитар инқироз фонида содир бўлмоқда.

Маълумот учун, Бағлон вилоятида этник таркиб қуйидагича: тожиклар (55%), ҳазоралар-исмоилийлар (15%), пуштунлар (20%), ўзбеклар (9%) ва татарлар.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Покистоннинг шимоли-ғарбий қисмидаги Хайбер-Пахтунхва вилоятида жойлашган Куррам туманида ичида йўловчиси бўлган транспорт воситаларига қуролли ҳужум амалга оширилганди. Оқибатда камида 42 киши ҳалок бўлган, яна 20 киши жароҳат олган.


Мақола муаллифи

Теглар

Афғонистон отишма

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг