Афғонистонда вабо тарқала бошлади. Қурбонлар бор
Олам
−
12 Июль 2022
56614Афғонистоннинг икки вилоятида бир суткада 40 киши вабо касаллигидан вафот этди. Бу ҳақда “Khaama Press” агентлиги хабар берди.
Ҳалокатли касаллик эпидемияси мамлакат жанубида жойлашган Ҳилменд ва Зобул вилоятларида қайд этилди. 10 июль куни бу ерда 120 дан ортиқ одам вабо билан касалланган. Хавфли касаллик қурбонлари орасида 15 нафар болалар ҳам бор.
Қайд этилишича, касалланганларнинг аксарияти Бағрон, Сивари ва Даичопан туманлари аҳолисидир. Ҳар икки вилоятга кўчма тиббий бригадалар жўнатилган.
Айрим фуқаролар санитария-гигиена қоидаларига риоя қилмаган ҳолда даволанаётганлиги сабабли вабо ўлим билан якунланган.
“Толибон” томонидан тузилган Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳам Қандаҳор вилоятида бир нечта инфекция ҳолатлари аниқлангани ҳақида хабар берган.
Вабо – бу Vibrio cholerae микроорганизми келтириб чиқарадиган ўткир инфекция. Касаллик диарея билан кечади, бу сувсизланиш ва қон томирлари етишмовчилигини келтириб чиқаради. Кўпинча инфекция ифлосланган сув ёки денгиз маҳсулотлари орқали юқади.
Осиё ва Африканинг шароит яхши бўлмаган мамлакатларида вабо эпидемияси мунтазам равишда қайд этилади. Бу, биринчи навбатда, аҳолининг катта қисми учун тўғри тозаланган ичимлик сувидан доимий фойдаланиш имконияти йўқлиги билан боғлиқ.
Аввалроқ, Хитойнинг Ухань шаҳридаги университетда ҳам вабо аниқлангани ҳақида хабар берган эдик.
LiveБарчаси