Афғонистонда коронавирус сабаб биринчи ўлим ҳолати тасдиқланди

Олам

image

Кеча, 22 март куни кечқурун Афғонистон Ислом Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги Балхда бир киши коронавирус сабаб вафот этганини тасдиқлади. Бу ҳақда Tolo News агентлиги хабар берди.

Балх вилоятининг соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Халилуллоҳ Ҳикматийнинг айтишича, бемор уч кун олдин вафот этган, лекин, унинг коронавирус текшируви натижаси кеча, 22 март куни чиққан.

Хабарда айтилишича, яна бир одам коронавирус билан касалланган деб гумон қилиниб, Ҳиротдаги вилоят шифохонасига қабул қилинган.  Аммо, шифохонага келишидан бир соат ўтгач у одам ҳам вафот этган. Ҳали унинг тест натижалари чиқмади. Агар тест натижалари ижобий чиқса, бу Афғонистондаги коронавирус сабабли тасдиқланган иккинчи ўлим ҳолати бўлади.

Маълумот учун, ҳозиргача Афғонистонда 40 нафар одамда коронавирус касаллиги қайд этилган.

Сўнгги маълумотларга кўра, дунё бўйлаб коронавирусга чалинганлар сони 340 066 нафарга етди. Бу касаллик туфайли 14 704 киши вафот этди. Беморлардан 10 559  нафари ёки 5 фоизининг аҳволи оғир. Шу кунгача касаллик юқтирганларнинг 99 016 нафари бу вирусдан фориғ бўлган.

 

Мақола муаллифи

Теглар

Афғонистон Коронавирус

Баҳолаганлар

270

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг