Афғонистонда аҳолининг деярли ярми тўйиб овқатланмаяпти – БМТ
Олам
−
28 Январь 2023
4306Афғонистонда тўйиб овқатланмайдиган одамлар сони рекорд даражага чиқди – мамлакатнинг деярли ярим аҳолиси очликдан азият чекмоқда. Мазкур маълумотни Бирлашган Миллатлар Ташкилоти озиқ-овқат агентлигининг Қобулдаги вакили Филип Кропф айтиб ўтган. Бу ҳақда “NBC News” хабар берди.
“40 миллион аҳолиси бўлган Афғонистоннинг ярми мавсумдан қатъий назар, йил давомида қаттиқ очарчиликка чидамоқда ва тўйиб овқатланмаслик Афғонистон учун рекорд даражада. Оч аҳолининг 7 миллиони болалар ва оналарни ташкил этмоқда”, дейди Филип Кропф.
Кропфнинг сўзларига кўра, 2021 йил августида “Толибон” ҳокимиятни эгаллаб олиши миллионлаб одамларни қашшоқлик чегарасидан пастга туширди ва халқаро ёрдамни тўхтатди. У Афғонистон халқи ҳали очликдан ўлмаётган бўлсада, уларда гуманитар инқирознинг олдини олиш учун ҳеч қандай ресурс йўқлигини таъкидлади.
Эслатиб ўтамиз, Афғонистоннинг расмий манбаларига кўра, мамлакатда аномал совуқ туфайли 124 киши ҳалок бўлган эди.
Нурмуҳаммад Файзуллаев