Афғонистон Ислом Амирлиги Ўзбекистон халқини мустақиллик куни билан табриклади — ТИВ
Жамият
−
02 Сентябрь 2021
6583Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигига мамлакат мустақиллиги куни муносабати билан Афғонистон Ислом Амирлиги матбуот котиби Забиҳуллоҳ Мужоҳид номидан табрикнома келди. Бу ҳақда Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби хабар берди.
“Биз қўшни дўст Ўзбекистон Ҳукумати ва халқини Мустақилликнинг 30 йиллиги билан табриклаймиз ва бизнинг энг самимий тилакларимизни билдирамиз”, дейилади хабарда.
Табрик сўзи билан бошланган мактуб тилаклар билан давом эттирилган.
“Биз Қодир Оллоҳдан Ўзбекистон халқи ва ҳукуматининг юксак қадр-қиммати ва ғурурини асрашини тилаб қоламиз.
Ўзбекистон ва Афғонистон халқларини нафақат яхши қўшничилик муносабатлари, балки умумий диний, маданий ва маънавий қадриятлар бирлаштиради ва бу муштараклик мамлакатларимиз халқларини янада бир-бирига яқинлаштиради”, дейилади табрикномада.
Шунингдек, мактубда Афғонистон Ислом Амирлиги Ўзбекистон билан муносабатларни ривожлантиришдан умидвор экани қайд этилган.
“Биз Ўзбекистон билан тинчлик ва барқарорликда, дўстлик ҳамда яхши қўшничилик руҳида доимий ҳамкорликни амалга оширишга умид боғлаб қоламиз”, дейилади хабарда.
Эслатиб ўтамиз, “Толибон” ҳаракати матбуот котиби Муҳаммад Суҳайл Шоҳин кеча, 1 сентябрь куни Ўзбекистон мустақиллигининг 30 йиллиги муносабати билан табрик мактуби йўллаганди.
Қайд этиш керакки, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев икки марта Афғонистондаги вазият ҳақида гапирди. Давлат раҳбари ушбу мавзуга биринчи марта жорий йилнинг 31 август куни “Янги Ўзбекистон” мажмуасидаги амфитеатрда мамлакат Мустақиллигининг 30 йиллигига бағишланган байрам тантаналарида тўхталиб ўтди ва асосан мамлакатнинг қўшни Афғонистондаги вазиятлар бўйича позициясини маълум қилди.
Бундан ташқари, Мирзиёев бугун, 2 сентябрь куни Тошкент шаҳрида ўтказилган Ислом тараққиёт банки Бошқарувчилар кенгашининг 46-йиллик анжуманида яна бир бор ушбу мавзуга тўхталди.
Маълумот ўрнида, АҚШнинг Афғонистонда 20 йил давом этган ҳарбий операцияси Президент Жо Байден даврига келиб якунланди. АҚШ қўшинлари жорий йилнинг 31 август куни мамлакатни тарк этди. Ушбу жараён якунланмасидан “Толибон” ҳаракати пойтахт Қобулни эгаллаб, жорий йилнинг 15 август куни Афғонистон Ислом Республикасини қулатди. 19 август кунига келиб толиблар Афғонистон Ислом Амирлиги тузулганини эълон қилди.
LiveБарчаси