Жафокаш афғон халқига қўлимиздан келган барча зарур ёрдамни кўрсатиб келмоқдамиз – Мирзиёев

Жамият

image

Хабарингиз бор, бугун, 2 сентябрь куни Тошкент шаҳрида Ислом тараққиёт банки Бошқарувчилар кенгашининг 46-йиллик анжумани бошланди. Aнжуман очилишида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ҳам иштирок этиб, нутқ сўзлади.

Давлат раҳбари ўз нутқида Марказий Осиё минтақаcидаги тараққиёт ва барқарорлик масалаларига тўхталиб ўтди. Шунингдек, Ўзбекистон Aфғонистондаги муаммоларни тинч йўл билан ҳал этиш тарафдори эканлиги ва афғон халқига ёрдам бериб келаётганини таъкидлади.

“Янги Ўзбекистон ташқи сиёсатининг устувор йўналиши – Марказий Осиё минтақасида дўстона ва яхши қўшничилик муносабатларини мустаҳкамлаш ҳамда бу маконда фаровонлик, тинчлик ва хавфсизликни таъминлашдир.

Бу борада, биз, биринчи галда, Марказий Осиё давлатлари ўртасида савдо алоқаларини кенгайтириш, саноат кооперациясини чуқурлаштириш, сув ва энергетика ресурсларидан биргаликда фойдаланиш, масалаларига катта аҳамият қаратяпмиз.

Иккинчидан, тарихдан маълумки, минтақамиз Шарқ ва Ғарб, Шимол ва Жануб ўлкаларини боғлаган муҳим ҳудуд сифатида танилган.

Бу борада Марказий ва Жанубий Осиё мамлакатларининг ўзаро боғлиқлигини кучайтириш, айниқса, янги транспорт коридорларини ривожлантириш орқали ушбу минтақалардаги иқтисодий ўсиш ҳамда аҳолининг ҳаёт даражасини оширишни мақсад қилиб олганмиз.

Учинчидан, Афғонистонда сиёсий барқарорликни ўрнатиш ва иқтисодиётни тиклаш – минтақавий хавфсизлик ва тараққиётнинг ишончли омилидир.

Ўзбекистон доимо бу мамлакатдаги вазиятни тинч йўл билан ҳал этиш тарафдори бўлиб келган. Ва ҳозирги мураккаб шароитда ҳам жафокаш афғон халқига қўлимиздан келган барча зарур ёрдамни кўрсатиб келмоқдамиз”, деди Шавкат Мирзиёев.

Эслатиб ўтамиз, давлат раҳбари аввал ҳам Aфғонистондаги вазият ҳақида гапирган эди. Хусусан, мустақилликнинг 30 йиллиги муносабати билан ўтказилган байрам тадбирида ҳам Ўзбекистоннинг Aфғонистон бўйича позицияси ҳақида тўхталиб, расмий Тошкент мамлакатдаги ҳокимият алмашинуви тинч йўл билан ўтиши тарафдори эканини маълум қилганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

39

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг