Афғонистон ҳукуматининг “Толибон” билан музокаралари муваффақиятсиз якунланди — ОАВ
Олам
−
18 Июль 2021
14611Аввалроқ Қатар пойтахти Доҳада Афғонистон ҳукуматининг юқори мартабали делегацияси ва “Толибон” ҳаракати вакиллари ўртасида музокараларнинг навбатдаги раунди бошлангани ҳақида хабар берган эдик.
“Al-Jazeera” телеканали маълумотига кўра, музокараларнинг биринчи куни муваффақиятсиз якунланган ва аниқ натижага эришилмаган.
Таъкидланишича, ушбу учрашув натижасида муаммога аниқ ечим топилишига умид катта эмас, аммо бунга интилиш бор. Ҳар икки томон ҳам масаланинг музокаралар йўли билан ҳал этилиши тарафдори эканини билдиряпти. Бироқ толибларнинг амалдаги ҳукуматга қарши муваффақиятли юриши фонида мамлакатда юзага келган вазият бунинг аксини кўрсатмоқда.
“Икки томон ҳам мулоқотни олдинга силжиш учун ягона йўл, деб билади ва Афғонистонда тинчликка фақат музокаралар столида эришиш мумкин, деб ҳисоблашади, аммо жойлардаги ҳаракатлар умуман бошқа тилда гапиради”, дейилади хабарда.
Телеканал мухбирининг сўзларига кўра, музокараларда ҳеч қандай ривожланиш йўқ. Ҳукумат томони ҳар қандай реал мулоқотни бошлашдан олдин ўт очишни тўхтатиш зарурлигини таъкидламоқда, “Толибон” эса уларнинг қатъий қонун қоидалари мамлакат бўйлаб жорий қилиниши, ҳукумат эса барча томонларни ўз ичига олишини истамоқда.
Маълумот учун, Афғонлараро музокаралар 2020 йил сентябрь ойида бошланган ва аниқ натижаларсиз узоқ танаффуслар билан давом этган. Бу сафарги музокаралар ОАВ хабарларига кўра, якшанба куни давом эттирилади.
Фаоллашган “Толибон” ва Афғонистондаги кескинлик
Афғонистондаги хавфсизлик билан боғлиқ вазият жорий йилнинг апрелида АҚШ Президенти Жо Байденнинг республикада Америка қуролли кучларининг операцияси якунига етганини эълон қилганидан сўнг, анча ёмонлашди.
Жорий йилнинг 13 июль ҳолатига кўра, Қўшма Штатлар ўз қўшинларининг 95 фоизидан кўпроғини Афғонистондан олиб чиқиб кетиб бўлди. Бу жараён 31 августга қадар якунланиши кутилмоқда. Штатлар каби НАТОнинг бошқа аъзолари ҳам Афғонистонни тарк этмоқда. Жумладан, Италия, Австралия ва Германия кучлари, аллақачон, мамлакатдан чиқиб кетган.
Хорижий қўшинларнинг Афғонистонни тарк этиши фонида “Толибон” ҳаракати мамлакат ҳудудлари устидан назоратни ўрнатиш мақсадида ҳужумларни кучайтирмоқда. Толибларнинг таъкидлашича, улар айни пайтда Афғонистоннинг 85 фоизини назорат қилмоқда. Бундан ташқари, ҳаракат кучлари бир қатор қўшни давлатлар — Туркманистон, Тожикистон, Эрон ва Покистон билан чегарада жойлашган назорат пунктларини ҳам эгаллаб олган. Шундай бўлса-да, ҳаракат вакиллари Афғонистондан ташқарига чиқмасликларини ва қўшни давлатларга хавф солмасликларини қайта ва қайта таъкидламоқда.
LiveБарчаси