“Толибон” фаоллашуви фонида Қатарда афғонлараро музокараларнинг янги босқичи бошланди
Олам
−
17 Июль 2021
5061Бугун, 17 июль куни Қатар пойтахти Доҳада афғонистонлик юқори мартабали сиёсатчилар иштирокида афғонлараро музокараларнинг янги босқичи бошланди. Бу ҳақд РИА Новости хабар бермоқда.
Маълум қилинишича, музокаралар ёпиқ эшиклар ортида ўтмоқда.
Аввалроқ “Tolo News” телеканали ўз манбаларига асосланиб Афғонистоннинг бир қатор сиёсатчилари, жумладан Афғонистоннинг собиқ Президенти Ҳамид Карзай ва Миллий Ярашиш Олий Кенгаши раҳбари Абдулла Абдулла “Толибон” ҳаракати делегацияси билан музокаралар ўтказиш учун Қатар пойтахти Доҳага бориши ҳақида хабар берган эди. Бироқ Карзай Афғонистон бўйича конференцияда қатнашиш учун Покистонга борадиган бўлиб қолди ва режаларда кичиқ ўзгариш юз берди.
Афғонистон ҳукумати делегациясига музокараларнинг 2020 йил сентябрь ойида бўлиб ўтган биринчи расмий учрашувидан бери илк бор юқори даражадаги сиёсатчилар раҳбарлик қилмоқда. “Толибон” делегациясига эса ушбу ҳаракатнинг Қатардаги сиёсий идораси раҳбари мулла Барадар Охунд бошчилик қилмоқда.
“Толибон” ҳаракати сиёсий идораси вакили Муҳаммад Наим “Al Jazeera” телеканалига берган интервьюсида таъкидлаганидек, ҳаракат вакиллари “музокараларга жиддий қарашмоқда, шу билан бирга қарши томондан ҳам шундай ёндашувни кутмоқда”.
Аввалроқ 1TV News телеканали ўз манбаларидан иқтибос келтириб, Афғонистон ҳукумати ва “Толибон” делегациялари Доҳада ўтиш даври ҳукуматининг тузилиши, маҳбуслар алмашинуви ва ўт очишни тўхтатиш масаласини муҳокама қилади.
Фаоллашган “Толибон” ва Афғонистондаги кескинлик
Афғонистондаги хавфсизлик билан боғлиқ вазият жорий йилнинг апрелида АҚШ Президенти Жо Байденнинг республикада Америка қуролли кучларининг операцияси якунига етганини эълон қилганидан сўнг, анча ёмонлашди.
Жорий йилнинг 13 июль ҳолатига кўра, Қўшма Штатлар ўз қўшинларининг 95 фоизидан кўпроғини Афғонистондан олиб чиқиб кетиб бўлди. Бу жараён 31 августга қадар якунланиши кутилмоқда. Штатлар каби НАТОнинг бошқа аъзолари ҳам Афғонистонни тарк этмоқда. Жумладан, Италия, Австралия ва Германия кучлари, аллақачон, мамлакатдан чиқиб кетган.
Хорижий қўшинларнинг Афғонистонни тарк этиши фонида “Толибон” ҳаракати мамлакат ҳудудлари устидан назоратни ўрнатиш мақсадида ҳужумларни кучайтирмоқда. Толибларнинг таъкидлашича, улар айни пайтда Афғонистоннинг 85 фоизини назорат қилмоқда. Бундан ташқари, ҳаракат кучлари бир қатор қўшни давлатлар — Туркманистон, Тожикистон, Эрон ва Покистон билан чегарада жойлашган назорат пунктларини ҳам эгаллаб олган. Шундай бўлса-да, ҳаракат вакиллари Афғонистондан ташқарига чиқмасликларини ва қўшни давлатларга хавф солмасликларини қайта ва қайта таъкидламоқда.
LiveБарчаси