Афғонистон ҳукумати ва “Толибон” музокаралари Самарқандда ўтиши мумкин

Жамият

image

Кеча, 31 март куни Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Хавфсизлик кенгаши котиби Виктор Маҳмудов ва Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов бошчилигидаги Ҳукумат делегацияси амалий ташриф билан Афғонистонда бўлди.

Ташқи ишлар вазирлиги Матбуот хизматининг хабар беришича, Ўзбекистон делегацияси Афғонистон Ислом Республикаси Президенти Муҳаммад Ашраф Ғани томонидан қабул қилинди.

Бўлиб ўтган суҳбат чоғида сиёсий, савдо-иқтисодий,  транспорт-коммуникация, маданий-гуманитар ва бошқа соҳалардаги икки томонлама муносабатларни янада ривожлантиришнинг долзарб масалалари муҳокама қилинган. 

Афғонистондаги ҳолат юзасидан ҳам фикр алмашилган.

Афғонистон Президенти тинчлик жараёнини бошлаш борасидаги фаол кўмаги учун Ўзбекистон томонига миннатдорчилик изҳор этган. 

Муҳаммад Ашраф Ғани иқтисодий ва инфратузилмавий ҳамкорликни фаоллаштирганлиги учун Афғонистоннинг Ўзбекистондан миннатдорлигини билдирган. У иқтисодий ҳамкорлик минтақавий барқарорликка замин яратишини ҳам таъкидлаган.

Афғонистон раҳбари,  шунингдек, тинчлик музокараларини ташкиллаштириш майдони сифатида Самарқанд шаҳрини танлагани учун Ўзбекистон делегациясига миннатдочилик билдирди.

Учрашувда Ўзбекистон – Афғонистон кун тартибининг бошқа масалалари ҳамда халқаро ва минтақавий муаммолар ҳам муҳокама қилинган. 

31 март куни Ўзбекистон делегациясининг Кобул шаҳрига ташрифи доирасида Ўзбекистон Президенти ҳузуридаги Хавфсизлик кенгаши котиби Виктор Маҳмудов ва Афғонистон Президентининг миллий хавфсизлик масалалари бўйича маслаҳатчиси Ҳамидулла Муҳиб раислигида Хавфсизлик масалалари бўйича қўшма комиссиянинг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтган.

Шу куннинг ўзида Ўзбекистон делегацияси Афғонистон Ҳукумати Ижроия кенгаши раиси Абдулла Абдулла, Президентнинг миллий хавфсизлик масалалари бўйича маслаҳатчиси Ҳамидулла Муҳиб,Ташқи ишлар вазири Салоҳуддин Раббоний, БМТ Бош котибининг Махсус вакили, БМТнинг Афғонистонга ёрдам миссияси (UNAMA) раҳбари Тадамичи Ямамото ва собиқ Президент Ҳамид Карзай билан музокаралар ўтказган.

Ўзбекистон ва Афғонистон иқтисодий блоки вазирлик ва идоралари раҳбар ва вакилларининг алоҳида учрашувлари ўтказилиб, уларда ҳамкорлик ҳажмларини янада ошириш, ўзаро савдога янгича шиддат бериш, йирик қўшма инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш, Мозори-Шариф–Ҳирот ва Мозори-Шариф–Кобул–Пешовар темир йўл магистралларини, Сурхон–Пули-Хумри электр узатиш линиясини барпо этиш бўйича таклифларнинг амалий жиҳатлари кўриб чиқилган.

Музокаралар якунида қатор ҳужжатлар имзоланган.


Мақола муаллифи

Теглар

ТИВ Ўзбекистон-Афғонистон

Баҳолаганлар

18

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг