АЭС қуриладиган Тузкон кўли атрофида муҳандислик-тадқиқот ишларининг иккинчи босқичи бошланди

Жамият 1333
image

Жорий йилнинг 29 июнь куни Ўзбекистондаги илк атом электр станцияси қурилиши учун танланган Жиззах вилоятидаги Тузкон кўли яқинидаги ҳудудда муҳандислик-тадқиқот ишларининг иккинчи босқичи бошланди. Бу ҳақда “Ўзатом” агентлиги Матбуот хизмати хабар берди.

Шу муносабат билан ташкил этилган тадбирда, “Ўзатом” агентлиги, “Росатом” давлат корпорацияси, Ўзбекистон геоахборот шаҳарсозлик давлат кадастри лойиҳалаш илмий текшириш институти (ЎзГАШКЛИТИ) мутахассислари, “Aтомстройэкспорт” АЖ вакиллари, ҳамда Фориш тумани масъуллари иштирок этди.

АЭС қурилиши учун танлаб олинган тахминий майдонларда муҳандислик-тадқиқот ишларининг биринчи босқичи якунлангани ҳақида аввалроқ хабар берилган эди. Унда Навоий ва Бухоро вилоятларининг Тўдакўл сув омбори яқинидаги 4 та, Жиззах вилоятидаги Тузкон кўли атрофида жойлашган 3 та майдонда илмий-тадқиқот ишлари олиб борилгани ва ўрганишлар натижасида Жиззах вилоятининг Тузкон кўли яқинидаги ҳудуд атом электр станцияси қурилиши учун мақбул жой сифатида танлангани эълон қилинди. Айнан мана шу атом электр станцияси қурилиши учун танланган ҳудудда муҳандислик тадқиқот ишларининг иккинчи босқичига старт берилди.

Мазкур ҳудудда “Aтомстройэкспорт” АЖ мутахассислари томонидан геофизик, сейсмологик тадқиқот ишлари амалга оширилади. Мутахассислар ҳудуднинг геологик ва геофизик таҳлилини ўрганиб, улардан олинган натижалар асосида Ўзбекистонда қурилувчи биринчи атом электр станциясининг техник лойиҳасини ишлаб чиқиш ишлари давом эттирилади. Таъкидлаш лозимки, мазкур тадқиқот ишлари жараёни Ўзбекистон Республикасининг тегишли вазирликлари ва идоралари назоратида бўлиб, тадқиқот ишларини ташкил этишда ЎзГАШКЛИТИ ҳам жалб этилади.

Маълумот ўрнида, муҳандислик-тадқиқот ишлари Ўзбекистон ва Россия давлатлари ўртасида атом электр станцияси қуриш бўйича ҳамкорлик тўғрисидаги келишув ва мазкур ҳамкорлик доирасида тасдиқланган “Йўл ҳаритаси” ижросини таъминлаш юзасидан, жорий йилнинг 17 май куни “Росатом” давлат корпорациясининг муҳандислик бўлимига қарашли “Aтомстройэкспорт” АЖ билан техник лойиҳани ишлаб чиқиш учун муҳандислик-тадқиқот ишларини олиб бориш бўйича шартнома имзоланган.

Суннатилла Абдуллаев
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 10
Рейтинг: 2.9
t
×