Аэропортда эвакуация. Ўзбекистонлик аёл “бомба” билан киргани айтилмоқда
Олам
−
28 Сентябрь 2021
65917Россиянинг Перм шаҳрида халқаро аэропорт фойдаланувчилари фавқулодда эвакуация қилинди. Аэропорт хавфсизлик хизмати ўзбекистонлик аёл портловчи модда билан аэропортга кирганини гумон қилган. Бу ҳақда Telegram’даги “Baza” каналида хабар берилган.
Қайд этилишича, аэропорт ходимлари номаълум йўловчининг ёнида портловчи моддаси бор дея, гумон қилишган. Хавфсизлик хизмати аёлнинг ғалати хатти-ҳаракатидан шубҳаланган. Йўловчи Москвага учадиган рейсга ўтириб, Ўзбекистонга келиши керак бўлган, бироқ узоқ вақт кутиш залида ўтирган ва парвозини ўтказиб юборган.
Маълум қилинишича, аёлнинг шубҳали хатти-ҳаракатлари уни газ анализаторида текширишга қарор қилинишига олиб келган. Қурилма аёлнинг ёнида портловчи модда бўлиши мумкинлигини кўрсатган. Хавфсизлик хизмати бу ҳақда полицияга хабар берган. Полиция эса “Вулкан” режасини ишга тушириб, аэропортдагиларни эвакуация қилган.
Бу вақтда аёлга эри қўнғироқ қилиб, у билан боғлана олмаган. Эр қариндошларидан бири рафиқасини кўргани ва у учиб кетмаганидан хабар топган. Эркак ўша заҳоти аэропортга етиб келган. У мулоқот давомида рафиқаси руҳий касал эканини маълум қилган. Шу боис, унга хотини билан кўришиш учун рухсат берилмаган. Бунинг ўрнига, аёлнинг олдига кинолог олиб келинган, ит ҳам унинг портловчи моддаси борлигини тасдиқлаган.
Натижада аёл уч соат давомида тинтув қилинган, лекин ҳеч нарса топилмаган. Бу орада аёлнинг аҳволи ёмонлашган ва ташқи стимулларга жавоб беришни тўхтатган. Шундан сўнг, эри тез ёрдам чақиришга мажбур бўлган ва машина аёлни руҳий касалликлар шифохонасига олиб кетган.
Ҳозирда йўловчининг эри аэропорт ходимларининг ҳаракатларидан ғазабланган. У аёлини аэропортга яхши ҳолатда олиб келганини айтмоқда.
LiveБарчаси