Адлия вазири таклифи: “Амалдорларнинг даромадлари ҳам, харажатлари ҳам декларация қилиниши керак”
Жамият
−
04 Февраль 2020
5755Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев жорий йил 24 январдаги Олий Мажлис палаталарига йўллаган мурожаатида амалдорлар даромадлари ҳақида декларация тўлдириши ва бу коррупцияга қарши кураш учун зарур экани ҳақида таъкидлаган эди. Куни кеча Адлия вазири Русланбек Давлетов билан ўтган учрашувда QALAMPIR.UZ мухбири вазирга ушбу масалада мурожаат қилди. Вазир бу бўйича аниқ механизмдан ҳозирча хабари йўқ эканини таъкидлади.
“Декларация масаласи жуда долзарб. Адлия вазирлиги сифатида биз қўллаб-қувватлаймиз. Керак бўлса, буни биринчи адлия тизимидан бошлашни таклиф ҳам қилганмиз. Бунинг умумий ҳуқуқий асослари “Коррупцияга қарши кураш тўғрисида”ги қонунда келтириб ўтилган. Президентимиз бевосита янги механизмни шакллантириш ҳақида гапиряпти. Давлат хизмати бўйича агентлик тузилган. Шулар бош-қош бўлиб кўтаряпти”, дея таъкидлади Русланбек Давлетов.
Ҳукумат Бош юристи бу тартиб қачон бўлиши ҳақида айтиш ваколатида эмаслигини қайд этди ва бу тартиб бўйича ўзининг таклифини берди.
“Қачон бўлиши ҳақида айта оладиган ваколатли орган эмасмиз. Лекин биз буни тўлиқ қўллаб-қувватлаймиз. Биз барибир шунга борамиз. Нафақат даромадни, балки харажатни ҳам декларация қилиш керак. Даромадни декларация қилаверасиз, лекин харажатни ҳам декларация қилсангиз, фарқ кейин чиқади. Шунинг учун харажатга эътибор қилиш керак.
Халқаро конвенцияда битта норма бор, сиздаги мулкни қаердан олганингизни исботлаш мажбурияти юкланади. Сиз айбдор дейилмайсиз, фақат исботлаб беришингиз керак. Давлат уни ноқонуний эканини исботлаб бермайди, балки сиз уни қонунийлигини исботлаб беришингиз лозим. Айбсизлик презумпциясига тўғри келмайди деб бунга биз қўшилмаганмиз. Россия ҳам қўшилмаган.
Президентимиз ҳам айтмоқдаки, пулни, уйни, машинани қаердан олганини исботлаб берсин. Биз буни икки қўллаб-қувватлаймиз”, дейди Русланбек Давлетов.
Маълумот учун, парламент палаталари раҳбарлари, Бош вазир ўринбосарлари, вазирлар, ҳокимлар ва бошқа қатор мансабдорлар мулк ва даромадларини декларация қилишига оид президент қарори лойиҳаси муҳокамага чиқарилган ва у 2020 йил 1 январдан ишга тушиши керак эди.
LiveБарчаси