Абитуриентларни ўқишга киритиб қўйиш билан боғлиқ фирибгарлик ҳолатлари фош қилинди

Жамият 2924
image

Айни кунларда Ўзбекистонда олий таълим муассасаларига кириш имтиҳонлари бўлиб ўтяпти. Бу вақтда абитуриентларни пул эвазига ўқишга киритиб қўйишни ваъда қиладиган “уддабуронлар” учраб туриши кўп йилларан бери давом этаётган ҳолат. Ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан шундай жиноий ҳаракатларнинг бир нечтаси фош қилинди.

Хусусан, Самарқанд вилояти Пастдарғом туманидаги умумтаълим мактабларидан бирининг математика фани ўқитувчиси юқори лавозимда ишловчи танишлари орқали 4 нафар абитуриентни Самарқанд тиббиёт институтига ўқишга киритиб қўйишни ваъда қилган. Бу хизмати эвазига уларнинг ҳар бири учун 12 минг АҚШ долларидан, жами 48 минг АҚШ доллари талаб қилган.

ДХХ Самарқанд вилояти бошқармаси ва Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг ҳудудий бошқармаси ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбир давомида мазкур шахс келишилган пулдан 40 минг АҚШ долларини олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.

Самарқанд педагогика коллежида ўқитувчи бўлиб ишловчи, 1975 йил Иштихон туманида туғилган шахс эса алдов йўли билан маҳаллий фуқаронинг ишончига кириб, уни Қозоғистон Республикасининг Чимкент шаҳрида жойлашган “Мирас” университетига ўқишга киритиб қўйиш учун ундан 5500 АҚШ доллари олган вақтида ушланган.

Жиззах шаҳридаги оилавий поликлиникалардан бирида болалар шифокори бўлиб ишловчи, 1993 йил туғилган шахс маҳаллий фуқарони Жиззах давлат педагогика институти “Мактабгача таълим” йўналишининг сиртқи бўлимига ўқишга киришига ёрдам беришини айтиб, эвазига 8 минг АҚШ доллари олаётган вақтида ДХХ Жиззах вилояти бошқармаси ва Департаментнинг ҳудудий бошқармаси ходимлари томонидан ушланган.

Дастлабки суриштирув давомида, у ушбу пул маблағини Тошкент педиатрия тиббиёт институти клиникасида шифокор бўлиб ишловчи, 1988 йил Бухоро вилояти Ромитан туманида туғилган ҳамтавоғига бериши лозимлигини маълум қилди.

Шундан сўнг тезкор тадбир Тошкент шаҳрида давом эттирилиб, Тошкент педиатрия тиббиёт институти клиникаси шифокори жиноий шеригидан 8 минг АҚШ долларини олган вақтида ушланган.

Қўқон давлат педагогика институтининг ёшлар масалалари бўйича масъулларидан бири маҳаллий фуқародан унинг танишини мазкур олий ўқув юртининг “Жисмоний маданият” факультетига ўқишга киритиб қўйишни ваъда қилиб, 3000 АҚШ доллари олган вақтида ДХХ Фарғона вилояти бошқармаси ва Департаментнинг вилоят бошқармаси ходимлари томонидан ушланган.

Дастлабки суриштирув давомида, у ушбу пул маблағини институт факультетларидан бирининг деканига бериши лозимлигини айтди ва тезкор тадбир давом эттирилиб, факультет декани ҳам 3 минг АҚШ долларини олган пайтида қўлга олинган.

Ҳозирда мазкур ҳолатлар юзасидан жиноят ишлари қўзғатилиб, ушбу ишларга алоқадор бўлган бошқа шахсларни аниқлаш бўйича чоралар кўрилмоқда.

Суннатилла Абдуллаев
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 40
Рейтинг: 3.1
t
×