Абдужаббор Абдувоҳидов бошчилигида Президент фармони муҳокама қилинди
Жамият
−
20 Ноябрь 2019
6328Аввалроқ, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистонда футболни ривожлантиришни янги босқичга олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони лойиҳаси Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталига жойлаштирилган эди.
Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитасида Президент маслаҳатчиси Абдужаббор Абдувоҳидов, МОҚ президенти Рустам Шоабдураҳмонов, Жисмоний тарбия ва спорт вазири Дилмурод Набиев, ЎФА раисининг биринчи ўринбосари Равшан Ирматов иштирокида мазкур фармон муҳокамага қўйилди.
Йиғилишда Абдужаббор Абдувоҳидов сўзга чиқиб, соҳани ривожлантириш йўлида қилиниши зарур бўлган ишлар юзасидан ўз фикрларини билдириб ўтди.
“Дунё тажрибасидан маълумки, футболи зўр бўлган мамлакатнинг иқтисоди ҳам яхши бўлади. Мазкур фармон муҳокамага қўйилишидан аввал уни ЎФА раиси билан яхшилаб муҳокама қилиб олдик. Зеро, шахсан Президентимизнинг ўзлари футболни янада ривожлантириш бўйича топшириқ бердилар. Мана, бизнинг боксчиларимизни бутун дунё тан олди. Нега бошқа спорт турларида бундай даражага чиқа олмаймиз? Чунки спортнинг ушбу турида йиллар давомида шаклланиб келаётган ўзбек бокс мактаби бор, малакали мутахассислар ва яхши йўлга қўйилган тизим мавжуд. Мана шу тизимли ишлашни бошқа спорт турларида ҳам йўлга қўйсакгина натижага эриша оламиз. Бунинг учун ишни, аввало, болалар футболини ривожлантириш ва хусусий футбол мактабларини ривожлантиришдан бошлаш керак. Мана шундай ташаббус билан чиқадиган тадбиркорларни доимо қўллаб-қувватлаймиз”, дейди Абдужаббор Абдувоҳидов.
Фармон лойиҳаси футболни янги босқичга олиб чиқиш бўйича 18 та банд, шунингдек, Ўзбекистон Республикасида профессионал футболни ривожлантириш схемаси (4 йўналишда), 5 бобдан иборат Ўзбекистонда футболни 2030 йилгача янги босқичга олиб чиқиш концепцияси, 2019-2020 йилларда амалга ошириладиган “Йўл харитаси”, 7 қисмни ўзида жамлаган 2030 йилгача футболни ривожлантиришнинг мақсадли кўрсаткичлари, 2020–2025 йилларда Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги ҳузуридаги футбол маҳорат мактабларини ташкил этиш, уларда қурилиш ва реконструкция ишларини амалга ошириш жадвали, Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлигига ўтказиладиган профессионал футбол клублари устав фондидаги давлат улушлари ва хўжалик жамиятларининг улушлари рўйхати, Ўзбекистон Республикаси Президентининг айрим қарорларига киритилаётган ўзгартириш ва қўшимчалар каби иловалардан ташкил топган.