Абдурашид Жўрабоев Вазирлар Маҳкамасига қайтди
Жамият
−
14 Февраль 2023
14530Бугун, 14 февраль куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ва Вазирлар Маҳкамасида кадрларга оид айрим ўзгаришлар бўлди. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.
Қайд этилишича, Равил Абдуқодиров Ўзбекистон Бош вазирининг маслаҳатчиси лавозимига тайинланган. Шу муносабат билан у Вазирлар Маҳкамасининг Ижро этувчи аппарати бошқарувчиси лавозимидан озод этилди.
Шунингдек, Абдурашид Жўрабоев Бош вазир котибияти раҳбари лавозимига тайинланди. Бунгача у Президент маслаҳатчиси ўринбосари эди
Маълумот ўрнида, Вазирлар Маҳкамаси Абдурашид Жўрабоев учун бегона эмас. У 2019 йилнинг сентябрига қадар Вазирлар Маҳкамасининг Ёшлар сиёсати, маданият, маънавият, оммавий ахборот воситалари, ижодий ва жамоат ташкилотлари масалалари котибияти мудири лавозимида ишлаган.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 11 февраль куни Бахтиёр Ҳасанов Бош вазирнинг матбуот котиби лавозимидан, Зафар Шохотамович Тўхтаев Вазирлар Маҳкамасининг Таълим, соғлиқни сақлаш ва спорт масалалари котибияти Соғлиқни сақлаш ва спорт соҳасидаги ислоҳотларни мувофиқлаштириш шўъбаси мудири лавозимидан озод қилинган эди. .