Абдулла Арипов Қирғизистон Бош вазири билан коронавирус масаласини муҳокама қилди
Жамият
−
23 Март 2020
4379Ўзбекистон Республикаси Бош вазири – Ўзбекистон Республикасига коронавируснинг кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш юзасидан чора-тадбирлар дастурини тайёрлаш бўйича республика махсус комиссияси раиси Абдулла Арипов 22 март куни Қирғизистон Республикаси Бош вазири Муҳаммедқали Абилгазиев билан телефон орқали суҳбатлашиб, коронавирус масаласини муҳокама қилди. Бу ҳақда Қирғизистон Ҳукумат хабар бермоқда.
Суҳбат чоғида икки томонлама ҳамкорликнинг долзарб масалалари, республикадаги коронавирус инфекцияси ҳолати ва унинг тарқалишининг олдини олиш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар, шунингдек, қирғиз-ўзбек давлат чегараси билан боғлиқ масалалар муҳокама қилинган.
Қайд этилишича, томонлар икки мамлакат халқлари манфаатларига мос келадиган долзарб масалалар бўйича тезкор маълумот алмашишни амалга оширишга келишиб олганлар. Маълум қилинишича, Ўзбекистондан Қирғизистонга импорт қилинувчи озиқ-овқат ва бошқа товарларни етказиб бериш одатдагидек тўсиқларсиз амалга оширилади.
Маълумот ўрнида, Қирғизистонда 22 мартдан 12 апрелга қадар бир ойлик фавқулодда ҳолат эълон қилинди. Мамлакатда коронавирусга чалинганлар 14 кишини ташкил этмоқда.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда коронавирусни юқтириб олиш билан боғлиқ илк ҳолат жорий йилнинг 15 март куни қайд этилган эди. Айни вақтда ушбу вирусни юқтириб олганлар 45 нафарга етди.
Қадрли юртдошлар, карантин даврида зарурат бўлмаса, кўчага чиқманг. Вақтни оилангиз, фарзандларингиз даврасида ўтказинг. Унутманг, #UydaHayotBor