Абдулазиз Комилов АҚШнинг Афғонистон бўйича вакили билан учрашди

Жамият

image

Кеча, 2 июль куни Ўзбекитон Республикаси Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов бошчилигидаги делегация Вашингтон шаҳрида Америка Қўшма Штатларининг Афғонистондаги ярашиш масалалари бўйича махсус вакили Залмай Ҳалилзод билан музокаралар ўтказди. Бу ҳақда Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги Матбуот хизмати хабар бермоқда.

Маълум қилинишича, томонлар афғон можаросини ҳал қилишнинг ҳозирги ҳолати истиқболларини ҳамда минтақада тез муддатларда тинчлик ўрнатишга кўмаклашувчи чораларни муҳокама қилган. Афғонлараро музокараларни келгусида ҳам қўллаб-қувватлаш ва минтақавий савдони ривожлантириш, инвестиция ва инфратузилма лойиҳаларини амалга ошириш, Афғонистонни минтақавий жараёнларга интеграциялашувини тезлаштиришга ўзаро интилишнинг мавжудлиги таъкидланган.

АҚШнинг Афғонистондаги ярашиш масалалари бўйича махсус вакили жорий йил 15-16 июль кунлари Тошкент шаҳрида ўтказиладиган “Марказий ва Жанубий Осиё: минтақавий боғлиқлик. Таҳдидлар ва имкониятлар” мавзусидаги юқори даражали халқаро конференция ишида иштирок этишга тайёрлигини билдирган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистон Републикаси Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен билан учрашганди. Комилов ва Блинкен ўртасидаги муҳокама мавзуси ҳам Афғонистондаги вазият бўлди. Шундан сўнг, Комилов Америка Қўшма Штатлари Мудофаа вазири Ллойд Остин билан учрашув ўтказди. Унда ҳам, асосан, Афғонистондаги вазият муҳокама қилинди.

Бундан ташқари, Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирининг ўринбосари Фурқат Сидиқов Тошкент шаҳрига сиёсат ва хавфсизлик масалалари бўйича “Европа Иттифоқи – Марказий Осиё” юқори даражали мулоқотида иштирок этиш учун келган Европа ташқи фаолият хизмати бош котиби ўринбосари Энрике Мора билан Афғонистондаги вазиятни муҳокама қилди.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

47

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг