Абдулазиз Комилов: “Афғонистон масаласида “нолга тенг ўйинларда” иштирок этишга интилмаймиз”
Жамият
−
29 Февраль 2020
4912Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов Афғонистонда томонларнинг муросага келиши афғонларга боғлиқлигини маълум қилди. Вазир “Халқ сўзи” нашрига берган интервьюсида Ўзбекистон Афғонистонда “нолга тенг ўйинлар” ортидан қувмаслигини айтиб ўтди.
“Афғонистон масаласида биз “defensive approach” деб аталувчи ҳимоя ёндашувига асосланмаймиз. Биз минтақамизда вазият қанақа эканлигини яхши идрок этишимизга ишончимиз комил, шунинг учун “ўйинчи”ларнинг бири ғалаба қозонса, иккинчиси мағлуб бўладиган бирон-бир “нолга тенг ўйинларда” иштирок этишга интилмаймиз. Биз прагматикмиз ва яхши қўшни бўлишни хоҳлаймиз.
Амударё бўйлаб ўрнатилган чегаралар ҳеч қачон одамларнинг борди-келдиси, савдо-сотиқ қилиши ҳамда маданиятлар ва динимизнинг ўзаро уйғунлашувига тўсиқ бўла олмаган.
Тинч Афғонистон Марказий Осиё учун энг қисқа йўл орқали денгиз коммуникацияларидан фойдаланиш, транспорт йўлакларимизни диверсификация қилиш ва шу билан маҳаллий маҳсулотларни экспорт қилиш учун кенг бозорларни очиш имкониятларини таъминлашга қодир”, дейди Комилов.
Толибонлар билан мулоқот ҳақида Ўзбекистон ТИВ раҳбари улар Афғонистон фуқаролари ва жамитнинг бир бўлаги эканини таъкидлади.
“Толиблар афғон жамиятининг бир қисми ва Афғонистон фуқаролари сифатида ўз давлатининг келажагини белгилашда иштирок этишлари лозим деган тамойилга асосланганмиз.
Фикримизча, 2001 йилги Афғонистон бўйича Бонн конференциясининг асосий хатоси шундан иборат эдики, мамлакатда тинчлик ўрнатиш бўйича музокараларга толибонлар жалб қилинмаганлиги оқибатида уруш яна 18 йилдан буён давом этиб келмоқда”, дея фикр билдирди Абдулазиз Комилов.
АҚШ ва Толибон ҳаракати ўртасидаги битим тинчликка эришиш йўлидаги дастлабки қадам эканини таъкидлаб, бу афғонлар ўртасида мулоқот бошлаш имконини яратишини айтиб ўтди.
“18 йилдан буён тўхтамаётган жанглардан сўнг АҚШ ва “Толибон” ҳаракати ўртасида битим имзоланиши, албатта, бутун минтақа учун муҳим воқеадир. Бунинг Афғонистондаги тинчлик учун аҳамиятини баҳолаш мушкул вазифа. Аммо олдинда ҳали мураккаб иш турибди. Вазиятни тўғри тушуниш керак. Кўплаб қийин, нозик муаммолар сақланиб қолмоқда. Аслини олганда, АҚШ ва толиблар ўртасидаги битим тинчликка олиб борувчи йўлнинг ниҳояси эмас, балки фақат бошланишидир.
Ҳозир бевосита тинчлик жараёни, афғонлараро тўғридан-тўғри мулоқотни бошлаш муҳим. Эндиликда ҳамма нарса Афғонистон халқининг мустаҳкам иродаси, бирлиги ва қатъиятига боғлиқ.
Шу муносабат билан имкон қадар тезда ҳукумат ва мухолифат делегацияларини шакллантириш, Афғонистонни тинч йўллар билан қайта тиклаш барча масалалари бўйича конструктив мулоқотни бошлаш жуда муҳимдир. Бу жараён ҳар қандай ташқи аралашувдан холи бўлиши керак. Бир сўз билан айтганда, Афғонистон тақдири афғонларнинг ўз қўлидадир”, дейди дипломат.
Аввалроқ, АҚШ ва “Толибон” битим имзолаши ҳақида хабар берган эдик. Битимни имзолаш маросимида Абдулазиз комилов ҳам иштирок этади.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь