Абдуқодир Ҳусанов Британия визаси учун ҳужжат топширди
Спорт
−
09 Январь
6389Ўзбекистон терма жамоаси ва “Ланс” клуби футболчиси Абдуқодир Ҳусанов қишки трансферлар ойнасида “Манчестер Сити”га ўтиши тобора аниқлашиб бормоқда. Бу ҳақда “Telecomasia.net” нашри хабар берди.
Манбага кўра, ўтган ҳафта ўзбекистонлик марказий ҳимоячи ва унинг вакиллари Буюк Британия ишчи визасига ариза берган. Ҳусанов ва унинг агентлари шу ойнинг охирига қадар Манчестерга учиб, шартнома имзолаши кутилмоқда.
Маълум бўлишича, Абдуқодирга вакиллик қилувчи агентлик “Манчестер Сити”ни танлаган. Бунга бош мураббий Гвардиоланинг шахсан ўзи ушбу трансферга қизиқиши сабаб қилиб кўрсатилган.
Маълумот ўрнида, 20 ёшли ҳимоячи 2023 йилда Беларуснинг “Энергетик БГУ” жамоасидан 100 минг евро эвазига “Ланс”га трансфер қилинганди. Ҳусанов жамоа сафида 31 та ўйинда майдонга тушиб, 1 та голга ассистентлик қилди. Унинг Франция клуби билан шартномаси 2027 йилнинг июнига қадар амал қилади. Абдуқодир Ҳусановнинг нархи “Transfermarkt” порталида 12 миллионга баҳоланган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ, ўзбекистонлик марказий ҳимоячи бир оёғи билан “Манчестер Сити”га ўтганлиги ҳақида хабар берилган эди.