А320neo самолётининг ўзига хослиги нимада?
Бу қизиқ
−
28 Июль 2023
6519Жорий йилнинг 27 июль куни пойтахт аэропортида навбатдаги А320neo номли самолёт қабул қилиб олинди. 186 кишига мўлжалланган мазкур самолётнинг бошқа ҳаво кемаларига қараганда энергия сарфи 15 фоизга тежамкор бўлиб, карбонат ангидрид моддасини эса халқаро меъёрдан 50 фоизга камроқ ишлаб чиқаради. Хўш, бундай тарифларга эга бўлган самолёт қандай кўринишда, унинг ички ҳамда ташқи ўлчамлари бошқа ҳаво лайнерларидан фарқ қиладими? QALAMPIR.UZ сизга шулар ҳақида сўзлаб беради.
Мазкур ҳаво кемасини ишлаб чиқарувчи компания тақдим этган маълумотларга кўра, Аirbus А320neo лайнерининг узунлиги 37,6 м бўлиб, унинг бўйи 11,8 метрга тенг. Қанотлари узунлиги 35,8 м, кенглик қамрови эса 122,4 метр квадратдан иборат. Шунингдек, максимал юк билан парвоз масофаси 6850 километрни, парвоз жараёнидаги кўрсатилган энг юқори баландлиги эса 12 минг метрни ташкил этади. Ҳаво кемаси 890 км/соат тезликкача чиқа олади. “Ўзбекистон ҳаво йўллар” Акциядорлик жамияти ахборот хизмати ходими Жамолиддин Ҳамдамовнинг сўзларига кўра, бу самолёт бошқаларига қараганда 15 фоизга камроқ энергия сарфлаши билан бирга, бошқарувда ҳам анча қулай.
“Бу самолёт энергияни кам сарфлаши билан ажралиб туради. Ҳозирда бу ҳаво кемасида 186 та ўрин бўлиб, уларнинг ҳаммаси ”эконом“ тоифага эга. Келажакда бу ўринларни 138 та ”эконом“ ва 12 та ”бизнес класс“га мўлжаллаб конфигурация қилмоқчимиз. Ҳозирча фақат маҳаллий қатновларни амалга оширилса, яқин келажакда халқаро қатновларни йўлга қўйиш режалаштирилган. Яна бир ўзига хос томони шамоллатиш тизимида бўлиб, у техник жиҳатдан мукаммал жиҳозланган”, дейди у.
Акциядорлик жамияти тақдим этган маълумотларга кўра, бу ҳаво лайнеридан йил охирига қадар яна бир нечтаси қабул қилиб олинади. Бу йили ҳисобида биринчиси 16 июнь куни Ўзбекистонга етиб келган ва дарҳол парвозлар жадвалига киритилиб, халқаро ва маҳаллий йўналишларда парвозларни амалга оширган.
Мазкур компанияда ишловчи стюардессалардан бирининг сўзларига кўра, бу турдаги самолёт йўловчилар учун анча қулай бўлиб, ҳаво кемасининг салони ичида қийинчиликсиз, эркин ҳаракатланиш мумкин. Шунингдек, янги А320neo самолёти борт кузатувчилари учун ҳам анча қулайлигини таъкидлади. Бундан ташқари, у иш жараёнида йўловчилар билан мулоқотда қандай вазиятларга дуч келгани тўғрисида сўзлаб берди.
“Ҳар сафар, албатта, ҳар хил йўловчилар чиқади. Биз уларнинг кайфиятига қараб муомала қиламиз. Уларнинг ичида, албатта, инжиқ йўловчилар ҳам бор. Ҳали шу пайтгача қийинчиликларга дуч келмадим. Бизни йўловчиларимиз ҳар доим фаол. Охирги пайтда бизда энг катта янгиликлардан бири мана бугун келиб қўнган А320neo самолёти бўлиб, бу компания учун катта ютуқ ҳисобланди. Янада бундан кейин янги самолётлар кўпайишини хоҳлаган бўлар эдим”, дейди у.
Маълумот учун, 2010 йилнинг 1 декабрида Airbus компанияси А320 русумидаги самолётни такомиллаштириш ва А320neo самолётларини ишлаб чиқариш тўғрисида расман эълон қилганди. Илк парвоз эса 2014 йилнинг 25 сентябрида амалга оширилган.
LiveБарчаси