Аҳолига бериладиган микроқарз миқдори икки бараварга оширилади
Жамият
−
11 Ноябрь 2023
9315Ўзбекистонда микроқарзларнинг энг юқори миқдори 100 млн сўмгача оширилади. Бу ҳақда кеча, 10 ноябрь куни “Тадбиркорлик фаолиятини ривожлантиришда микромолия хизматларининг ўрни ва улушини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Президент қарори қабул қилинди.
Қарорга кўра, 2024–2026 йилларда қуйидаги мақсадли кўрсаткичларга эришишга қаратилган микромолиявий хизматлар оммабоплигини ошириш дастури амалга оширилади:
- микромолиялаш бозори ҳажмини камида 5 баробарга ошириш;
- микромолиявий хизматлар билан 1 миллиондан ортиқ тадбиркорларни қамраб олиш;
- микромолия ташкилотлари ресурс базасида жисмоний шахслардан жалб қилинадиган маблағлар миқдорини 2 баробарга ошириш;
- микромолиявий хизматлар кўрсатиш орқали расмий даромадга эга бўлмаган 500 мингга яқин шахсларни ўзини ўзи банд қилиш ва бизнесни ривожлантиришга кўмаклашиш.
2024 йил 1 январдан:
- микроқарзнинг энг юқори миқдори 50 млн сўмдан 100 млн сўмгача оширилади;
- нобанк кредит ташкилотлари акциядорлик жамияти ёки масъулияти чекланган жамият шаклида ташкил этилади;
- микромолия ташкилотларига норезидентлардан хорижий валютада қарз маблағларини жалб қилиш ҳамда юридик шахсларга хорижий валютада молиявий хизматлар кўрсатишга рухсат берилади;
- жисмоний шахс бўлган иштирокчилардан (акциядорлардан) устав фондига (устав капиталига) киритилган ҳисса суммасининг ёки уларнинг эгалигидаги акциялар номинал қийматининг икки бараваридан ошмайдиган миқдорда қарз маблағларини жалб этишга рухсат берилади;
- микромолия ташкилотлари тегишли лицензия олган ҳолда тўлов ташкилоти фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқига эга бўлади;
- жисмоний ва юридик шахслар томонидан нобанк кредит ташкилотининг устав капиталидаги улушга эгалик қилиш учун Марказий банк дастлабки рухсатномасини олиш талаби қонунчиликда белгиланган 10 фоизлик улушни 20 фоизга ошириш орқали юмшатилади.
- бунда, олинаётган улуш миқдори 10 фоиздан 20 фоизгача бўлганда Марказий банкни хабардор қилиш тартиби жорий этилади;
- микромолия ташкилотларига тижорат банкларидан кредит ресурслари жалб этилганда ёки тадбиркорлик субъектларига микромолия ташкилотларидан микрокредит олинганда “Тадбиркорликни ривожлантириш компанияси” АЖ кафиллигини бериш имконияти яратилади;
- тижорат банкларига микромолия ташкилотларига кредит ажратишда уларнинг кўрсатилган микромолиявий хизматлари бўйича талаб қилиб олиш ҳуқуқини гаровга олиш ҳуқуқи берилади.
2024 йил 1 апрелгача микромолия хизматлари соҳасига ихтисослашган янги микромолия ташкилоти ташкил этилади. 2024 йил 1 январгача микромолия ташкилотлари томонидан исломий молиялаштиришга оид хизматлар кўрсатишнинг норматив-ҳуқуқий базаси ишлаб чиқилади.