“Аҳмадбой” иши бўйича суд жараёни қайта тикланди
Жамият
−
04 Апрель 2019
18882Жиноят ишлари бўйича Қуйичирчиқ туман суди биносида судланувчилар Аҳмаджон Турсунбоев ва бошқаларга (судланувчиларнинг умумий сони – 16 нафар) нисбатан жиноят ишининг тергов билан якунланган қисмини кўриб чиқиш бўйича очиқ суд бўлиб ўтмоқда.
Мазкур жиноий иш жиноят ишлари бўйича Тошкент вилоят суди судьяси Х. Шермухамедов раислигида кўриб чиқилмоқда. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Олий суди Матбуот хизмати хабар берди.
Судланувчилар Аҳмаджон Турсунбоев ва бошқалар Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик), 25-моддаси (жиноятга тайёргарлик кўриш ва жиноят содир этишга суиқасд қилиш) орқали 168-моддаси (фирибгарлик), 228-моддаси (ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкалар тайёрлаш, уларни қалбакилаштириш, сотиш ёки улардан фойдаланиш) ва 243-моддаси (жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш) да назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбланмоқдалар.
Қайд этилишича, ҳозирги кунда суд тергови ўтказилмоқда. Бугунга келиб 11 500 дан зиёд жабрланувчиларнинг 7 000 дан ортиғи сўроқ қилинди, 20 нафар гувоҳларнинг кўрсатмалари тингланди. Суд жараёни давом этмоқда.
Маълумот учун: 2018 йил 21 февралда жиноят ишлари бўйича Тошкент вилоят судида Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик), 188-моддаси (ноқонуний тадбиркорлик фаолияти), 189-моддаси (савдо ёки хизмат кўрсатиш қоидаларини бузиш), 190-моддаси (фаолият билан лицензиясиз шуғулланиш), 25-моддаси (жиноятга тайёргарлик кўриш ва жиноят содир этишга суиқасд қилиш) орқали 211-моддаси (пора бериш) ва 243-моддаси (жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш) да кўзда тутилган жиноятларни содир этишда айбланган Аҳмаджон Турсунбоев, Олмос Қўчқоров, Иззатила Иброҳимов, Муроджон Турсунбоев, Ойбек Турсунбоев, Азизжон Турдиев ва Рашид Исмоиловларга нисбатан суд ҳукми эълон қилинган.
Жиноят ишлари бўйича Тошкент вилоят суди 7 нафар судланувчини Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг тегишли моддалари бўйича айбдор деб топган ва Аҳмаджон Турсунбоевга 1 йил муддатга тадбиркорлик билан шуғулланиш ҳуқуқидан маҳрум қилинган ҳолда 13 йил озодликдан маҳрум қилиш ва энг кам ойлик иш ҳақининг 400 баравари миқдорида (52 096 000 сўм) жарима жазоси, Олмос Қўчқоровга 1 йил муддатга тадбиркорлик билан шуғулланиш ҳуқуқидан маҳрум қилинган ҳолда 11 йил озодликдан маҳрум қилиш ва энг кам ойлик иш ҳақининг 400 баравари миқдорида (52 096 000 сўм) жарима жазоси, Иззатила Иброҳимовга 1 йил муддатга тадбиркорлик билан шуғулланиш ҳуқуқидан маҳрум қилинган ҳолда 11 йил озодликдан маҳрум қилиш ва энг кам ойлик иш ҳақининг 350 баравари миқдорида (45 584 000 сўм) жарима жазоси, Муроджон Турсунбоевга 1 йил муддатга тадбиркорлик билан шуғулланиш ҳуқуқидан маҳрум қилинган ҳолда 11 йил озодликдан маҳрум қилиш ва энг кам ойлик иш ҳақининг 350 баравари миқдорида (45 584 000 сўм) жарима жазоси, Ойбек Турсунбоевга 1 йил муддатга тадбиркорлик билан шуғулланиш ҳуқуқидан маҳрум қилинган ҳолда 7 йил озодликдан маҳрум қилиш ва энг кам ойлик иш ҳақининг 350 баравари миқдорида (45 584 000 сўм) жарима жазоси, Азизжон Турдиевга 1 йил муддатга тадбиркорлик билан шуғулланиш ҳуқуқидан маҳрум қилинган ҳолда 7 йил озодликдан маҳрум қилиш ва энг кам ойлик иш ҳақининг 350 баравари миқдорида (45 584 000 сўм) жарима жазоси ва Рашид Исмоиловга 10 йил озодликдан маҳрум қилиш ва энг кам ойлик иш ҳақининг 400 баравари миқдорида (52 096 000 сўм) жарима жазоси тайинланган.