9 ойлик чақалоқ сўрғичини ютиб юборди
Олам
−
13 Октябрь 2023
13205Қозоғистоннинг Жамбил вилоятида 9 ойлик чақалоқ оғир аҳволда вилоят кўп тармоқли болалар касалхонасига ётқизилди. Онасининг сўзларига кўра, у номаълум жисмни ютиб юборган. Бу ҳақда мамлакат Соғлиқни сақлаш вазирлигига таяниб, “Nur.kz” хабар берди.
Қайд этилишича, 9 ойлик чақалоқ уйда ўйнаб ўтирган вақтида тўсатдан йиқилиб, бошидан жароҳат олган ва ҳушини йўқотган. Бироз вақт ўтгач, болада кўнгил айниш ва такрорий қусиш ҳолатлари кузатила бошлаган, шу боис ота-онаси уни шифохонага олиб борган.
Шифокорлар шикоятларни ҳисобга олган ҳолда, кичик беморни “травматик мия шикастланиши” ташхиси билан нейрохирургия бўлимига ётқизган. Бироқ муолажалар фойда бермагач, жарроҳлар зудлик билан чақалоқда махсус инструментал текширувлар ўтказган. Текширувлар натижасида боланинг ошқозонида номаълум жисм борлиги аниқланган.
“Текширувлардан сўнг унга “ўткир ичак тутилиши” ташхиси қўйилди. Бунинг сабаби шундаки, чақалоқ ўйнаш пайтида оғзидаги сўрғичини ютиб юборган. Кичик беморнинг қорин бўшлиғида шошилинч равишда жарроҳлик амалиёти ўтказилди.
Операцияни жарроҳлик бўлими мудири Канат Дуйсебаев, хирург Даврон Багибоев ва шифокор-анестезиолог Эркин Тураров амалга оширди. Операциядан кейинги биринчи кун чақалоқ реанимация бўлимида қолди, ҳозир унинг аҳволи анча қониқарли”, дейилади бу ҳақдаги хабарда.
LiveБарчаси