9 ойда хориждан Ўзбекистонга қанча доллар юборилгани маълум бўлди

Жамият 6751
image

Жорий йилнинг 9 ойи давомида халқаро пул ўтказмалари орқали Ўзбекистонга келиб тушган валюта маблағлари ҳажми 4,3 млрд долларни ташкил этди. Бу ҳақда марказий банк хабар берди.

Сентябрь ойида пул ўтказмалари миқдори 638 млн долларга етиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 8 фоизга ошди. Бу ўз навбатида, халқаро пул ўтказмалари ҳажмининг мувозанатлашиб бораётганлигидан далолат беради.

Шунингдек, жорий йилнинг январь-сентябрь ойлари давомида ички валюта бозорида хўжалик юритувчи субъектлар томонидан жами 10,7 млрд долларлик хорижий валюта сотиб олинган. Мазкур даврда ички валюта бозорида хорижий валютадаги умумий таклиф ҳажми 7,0 млрд долларни ташкил этиб, қолган 3,7 млрд долларлик талаб эса Марказий банкнинг интервенциялари ҳисобига тўлиқ қондирилди.

Мазкур даврда жисмоний шахслар томонидан валюта айирбошлаш шохобчалари орқали сотилган чет эл валютаси миқдори 3,2 млрд. долларни ташкил этиб, айни пайтда улар томонидан 2,9 млрд. доллар сотиб олинди.

Ҳозирги кунда жисмоний шахслар билан валюта операцияларини амалга ошириш учун тижорат банклари  кассаларида нақд хорижий валюта қолдиғи 480-550 млн доллар миқдорида бўлиши таъминланмоқда. 

Қайд эитилишича, Марказий банк томонидан мунтазам равишда тижорат банклари тақдимномаларига асосан ушбу операциялар учун яна қўшимча хорижий валюта билан таъминланиб келмоқда.

Суннатилла Абдуллаев
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 116
Рейтинг: 3
Теглар
t
×