9 ой деганда “Yunusobad Business City”ни ким қуриши аниқ бўлди. Ортиқхўжаев унутмадими?
Жамият
−
13 Ноябрь 2019
11898Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев Кореянинг IGIS Asset Management, KIND (Korea Overseas Infrastructure and Urban Development Corporation) ва Wooju Construction Co. LTD. компаниялари вакиллари билан учрашди.
“Учрашувда “Yunusabad Business City” қурилишида ушбу компанияларнинг иштирок этиши тўғрисида дастлабки келишувларга эришилди”, дейилади Матбуот хизмати хабарида.
Келишувда учта компаниянинг консорсиумини ташкил этиш кўзда тутилган.
Ҳокимликнинг айтишича, IGIS Asset Management Корея Республикасидаги кўчмас мулк ва активларни бошқариш бўйича энг йирик компаниялардан бири. Бугунги кунда компания Осиё-Тинч океани минтақаси ва Европада муваффақиятли ишламоқда. Хусусан, IGIS Asset Management`нинг сўнгги лойиҳаларидан бири Франкфуртдаги (Германия) осмонўпар бинонинг қурилишидир.
“KIND (Korea Overseas Infrastructure and Urban Development Corporation) Корея Республикаси ҳукумати томонидан хорижий мамлакатларда қурилиш ишларини енгиллаштириш учун давлат-хусусий шериклик асосида ташкил этилган корпорациядир. Ушбу корпорация шаҳар инфратузилмасини ривожлантиришга қаратилган лойиҳаларни амалга оширишни қўллаб-қувватлайди.
2001 йилда ташкил топган Wooju Construction Co. LTD. ЛТД. инфратузилма қурилишига ихтисослашган. Мазкур компания Тахиатош ИЭСни қайта қуриш ва Қандим газни қайта ишлаш мажмуаси қурилиши лойиҳаларини амалга оширишда иштирок этганлигини қўшимча қилиш ўринли”, деб тиш-тирноғи билан компанияларни ҳимоя қилади ҳокимлик Матбуот хизмати.
Эслатиб ўтамиз, “Yunusabad Business City” тақдимоти жорий йилнинг февраль ойида бўлиб ўтган эди.
Тақдимот маросимида ҳар бир меҳмон учун ўзбек, инглиз, рус тилларида сўровнома тарқатилди. Унда қуйидаги 7 савол билан мурожаат қилинган:
1. Қайси ташкилотдансиз?
2. “Business city” лойиҳасини амалга ошириш бўйича республика раҳбарининг ташаббусини қандай баҳолайсиз?
3. Сизнингча, “Business city” қандай бўлиши лозим?
4. Сизнингча, инвесторларни саралаб олиш қандай амалга оширилиши лозим?
5. “Business city” қад кўтарадиган жойларда қурилишларни бузиб ташлаш ва компенсация тўловлари қай тартибда амалга оширилиши керак деб ўйлайсиз?
6. Сиз учун ер майдонининг қийматини аниқлаш учун қандай йўл тутиш тўғри ва холис деб ҳисоблайсиз?
7. Сизнингча, “Business city” лойиҳалари Тошкент шаҳрининг қиёфасини ўзгартирадими?
Саволлар остида эса бир неча вариантларда жавоблар берилган. Респондентлар улардан бирини танлаши керак.
Агар унутилмаган ва қайсидир бурчакларда қолиб кетмаган бўлса, Ортиқхўжаев ва унинг ҳокимияти сўровномалардаги жавобларни инобатга олиши керак.
Тақдимотда “Хўш, сўровнома ўтказишдан мақсад нима? Ҳокимият респондентларнинг фикрини инобатга оладими?”, деган савол билан QALAMPIR.UZ Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаевга юзланган эди.
“Агар одамларнинг фикрини 100% инобатга олинса, бу жойда ҳеч нарса қурилмайди. Қандай бўлса шундайлигича қолади”, деган қисқа жавоб билан чекланганди Ортиқхўжаев.
Агар 9 ойда ўзгариш бўлмаган бўлса, “Yunusobad Business City” лойиҳаси Янги Шаҳар ва Чинобод кўчалари кесишмасида қурилиши режалаштирилган.
LiveБарчаси