8 давлат раҳбарлари Ўзбекистонга тўпланяпти
Жамият
−
31 Октябрь 2023
28503Жорий йилнинг 8-9 ноябрь кунлари Ўзбекистонда Иқтисодий Ҳамкорлик Ташкилотининг навбатдаги саммити бўлиб ўтади.
Унда иштирок этиш учун Озарбайжон Республикасии Президенти Илҳом Алиев, Эрон Ислом Республикаси Президенти Иброҳим Раисий, Покистон Бош вазири вазифасини бажарувчи Анвар Какар, Қозоғистон Республикаси Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев, Қирғизистон Президенти Садир Жапаров, Тожикистон Республикаси Президенти Имомали Раҳмон, Туркия Республикаси Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған, Туркманистон Республикаси Президенти Сердар Бердимуҳамедов Тошкентга келиши кутилмоқда.
Озарбайжон ва Туркия Президентларига рафиқалари – Меҳрибон Алиева ва Эмина Эрдўған ҳамроҳлик қилиши кутилмоқда.
QALAMPIR.UZ манбасининг маълум қилишича, саммитнинг барча тадбирлари Тошкент шаҳрида бўлиб ўтади.
Тадбир кун тартибидан савдо, инвестициялар, “яшил” иқтисодиёт ва инновациялар, рақамли технологиялар, транспорт, логистика, туризм ва бошқа устувор йўналишларда кўп қиррали ҳамкорликни янада кенгайтириш масалалари ўрин олган.
Ушбу ташкилотнинг охирги саммити 2021 йилнинг ноябрь ойида Туркманистонда бўлиб ўтган эди.
Маълумот учун, Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти – аъзо мамлакатларнинг иқтисодий, маданий, фан ва техникавий ҳамкорлиги бўйича ташкил этилган халқаро минтақавий ташкилотдир. У 1964 йилда Эрон, Покистон ва Туркия томонидан “Минтақавий ҳамкорликни ривожлантириш” номи билан тузилган.
Кейин 70-йилларда ички минтақавий савдо сусайиб кетгани учун ўз фаолиятини тўхтатган. 1985 йилда “Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти” номи билан қайтадан ўз фаолиятини бошлади. 1992 йилнинг 28 ноябирида Исломобод шаҳрида аъзо давлатлар Ташки ишлар вазирлари кенгашининг фавқулодда йиғлишида Афғонистон, Озарбайжон, Тожикистон, Туркманистон, Ўзбекистан, Қирғизистон ва Қозоғистон давлатлари ИҲТга аъзо бўлган.
LiveБарчаси