Мирзиёев ИҲТни ривожлантириш бўйича ташаббусларни илгари сурди
Жамият
−
04 Июль 3273 2 дақиқа
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев бугун, 4 июль куни Хонкенди шаҳрида Иқтисодий ҳамкорлик ташкилотининг 17-саммитида иштирок этди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Давлат раҳбари “Иқтисодий ҳамкорликнинг стратегик мақсадлари – 2035” концепциясини қабул қилишни таклиф қилди.
Бу ҳужжат орқали савдо, инвестиция, транспорт, энергетика, саноат ва қишлоқ хўжалигидан тортиб инновациялар ва рақамли технологиялар соҳасигача ҳамкорликни ривожлантириш кўзда тутилади.
Президент нутқида ҳозирги кунда ИҲТ давлатлари ўзаро савдосининг паст даражада эканини таъкидлар экан, бу йўналишда Тошкентда савдо вазирлари учрашувини ўтказишни таклиф этди.
Шунингдек, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари савдоси бўйича “яшил йўлаклар” тизимини жорий этиш, “Экоинвест” дастурини амалга ошириш ва хусусий сармояларни кенг жалб қилиш ташаббуслари ҳам илгари сурилди.
Президент транспорт ва логистика соҳаси истиқболларига тўхталар экан, Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон темир йўли лойиҳасини муҳим стратегик қадам сифатида қайд этиб ўтди.
“Рақамли транспорт ва божхона идорасини ташкил этиш тўғрисидаги ташаббусни амалда татбиқ этиш вақти келди”, деди давлат раҳбари.
Яна бир муҳим жиҳат. Минтақада янги авиақатновлар йўналишларини очиш, авиакомпаниялар ўртасида инновацион ҳамкорликни йўлга қўйиш ва туризм-авиация соҳаларида интеграциялашган маркетинг стратегияларини ишлаб чиқиш зарурлиги қайд этилди.
Ушбу масалалар юзасидан Миллий авиакомпаниялар форумини Самарқандда ўтказиш, шунингдек, туризм хизматларини ривожлантириш ва сайёҳлар оқимини ошириш мақсадида йўл харитаси ишлаб чиқиш таклифлари ҳам Президент нутқида алоҳида ўрин эгаллади.
Маълумот учун, Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиев раислигида ўтган тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев, Эрон Ислом Республикаси Президенти Масъуд Пезешкиён, Қирғиз Республикаси Президенти Садир Жапаров, Тожикистон Республикаси Президенти Имомали Раҳмон, Туркия Республикаси Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған, Покистон Ислом Республикаси Бош вазири Шаҳбоз Шариф, Қозоғистон Республикаси Бош вазири Олжас Бектенов, Туркманистон Вазирлар Маҳкамаси Раисининг ўринбосари – Ташқи ишлар вазири Рашид Мередов, Афғонистондаги “Толибон” муваққат ҳукумати бош вазири ўринбосари вазифасини бажарувчи Мулла Абдул Ғани Бародар, ИҲТ бош котиби Асад Мажид Хон ҳамда бошқа қатор давлатлар ва минтақавий ташкилотлар делегациялари раҳбарлари қатнашди.
Эслатиб ўзтамиз, Шавкат Мирзиёев мазкур саммитда ўтган ойда Эрон Ислом Республикасига нисбатан олиб борилган ҳарбий ҳаракатлар бутун минтақани уруш гирдобига тортиш, кенг миқёсдаги экологик ҳалокат ўчоғининг вужудга келиш хавфини туғдирганини айтганди.
Live
Барчаси