$700 млнлик “Шаҳризода”. Италияда “Путинга алоқадор” яхта ушланди
Олам
−
07 Май 2022
9948Италия ҳукумати кеча, 6 май куни Алексей Навальнийнинг тарафдорларига кўра, аслида Россия Президенти Владимир Путинга тегишли бўлган “Шаҳризода” (“Scheherazade”) суперяхтасини қўлга олди.
Таъкидланишича, яхта Марина ди-Каррара портида ушланган. Италия Иқтисодиёт ва молия вазирлиги хабарида яхтанинг кимга тегишли эканлиги айтилмаган. Расмийлар фақатгина Италия молия полицияси томонидан олиб борилган текширувларда кеманинг Европа Иттифоқи санкциялари остидаги Россия ҳукуматининг юқори мартабали амалдорлари ва шахслари билан “муҳим иқтисодий ва бизнес алоқалари” борлиги аниқланганини айтган.
Италия маҳкамасининг пресс-релизида айтилишича, яхта Европа Иттифоқи уни хатлаб қўйиш ва ҳақиқий эгасини санкциялар рўйхатига киритмагунига қадар ҳибсда сақланади.
“Шаҳризода” Кайман оролларида рўйхатга олинган ва ҳақиқий эгаси номаълум бўлган Bielor Asset Limited офшор компаниясига тегишли. SuperYachtFan маълумотларига кўра, кема 700 миллион долларга баҳоланган.
Яхта билан боғлиқ ҳолда Путиннинг исми бир неча бор пайдо бўлган. “The New York Times” газетасининг ёзишича, кема АҚШ ва Европа Иттифоқи санкциялари остида бўлган “Яқин Шарқлик миллиардер ёки россиялик – ҳатто, жаноб Путинга” ҳам тегишли бўлиши мумкин.
Жорий йилнинг март ойида Алексей Навальнийнинг тарафдорлари яхта ва Кремль ўртасидаги алоқани аниқлашга муваффақ бўлган терговни эълон қилган. Суриштирувчилар яхта экипажи рўйхатини ўрганиб чиқиб, унинг капитандан ташқари барча аъзолари Россия фуқаролари эканини аниқлаган. Уларнинг ярми Федерал хавфсизлик хизмати билан боғлиқ бўлиб чиққан.
“Бу яхтанинг Путинга тегишли эканлигига бундан яхши далил топа олмаймиз. Ҳатто Москвадан минглаб километр узоқликда жойлашган Италияда ҳам Путиннинг соқчилари ва шахсий ходимлари сифатида расман қайд этилган одамлар ишлайди”, деган суриштирув муаллифлари.
Улар ҳам Путинга қарши Европа Иттифоқи санкциялари туфайли яхтани хатловга олишни талаб қилган.
Яхта экипажининг собиқ аъзоси яхта ҳақиқатан ҳам Путинга тегишли экани бортда тез-тез муҳокама қилинганини айтган. Март ойида Италиянинг “La stampa” газетаси Италия ҳуқуқ-тартибот идораларидаги манбаларига таяниб, яхтанинг расмий эгаси “Роснефть” собиқ раҳбари Эдуард Худайнатов эканини хабар қилган.
“Шаҳризода” узунлиги 140 метрдан ортиқ бўлган 14 та яхтадан эгаси очиқланмаган ягона кема бўлиб қолаётганди. Яхтада олтита палуба, олтита меҳмонлар каютаси, спа-салон, массаж хоналари, сауналар ва спорт зали мавжуд. Кема рақс майдончасига айланадиган бассейн билан ҳам жиҳозланган.
Яхтада иккита вертолёт майдончаси ва вертолёт учун ангар мавжуд. Бортда учта камин бор: иккита газ ва битта ўтин ёқиладиган камин.