70 та ҳокимликда қайта алоқа тизими самарасиз ташкил этилгани аниқланди
Жамият
−
20 Июль
4102Ўзбекистоннинг 70 та туман ва шаҳар ҳокимликларида қайта алоқа тизими самарасиз ташкил этилгани маълум бўлди. Бу ҳақда Коррупцияга қарши курашиш агентлиги хабар берди.
Қайд этилишича, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари ҳамда туман ва шаҳар ҳокимликларидаги ишонч телефонларининг (Call-марказ) ишчи ҳолатдалиги, маълумотлар алмашинуви самарадорлиги даражасини ўрганиш мақсадида “Қайта алоқанинг сирли мижози” тадбирлари ўтказилган.
Ўрганиш ишларида 70 та туман ва шаҳар ҳокимликларида қайта алоқа тизими самарасиз ташкил этилгани, хусусан, қўнғироқлар жавобсиз қолдирилгани аниқланган. Бундай ҳолатлар энг кўп Қашқадарё вилоятида, энг кам ҳолат эса Навоий вилоятида кузатилган. Жумладан:
- Қашқадарё вилояти – 11 та туман ва шаҳар;
- Андижон вилояти – 10 та;
- Тошкент вилояти – 8 та;
- Фарғона вилояти – 7 та;
- Хоразм вилояти – 7 та;
- Наманган вилояти – 6 та;
- Самарқанд вилояти – 4 та;
- Сурхондарё вилояти – 4 та;
- Қорақалпоғистон Республикаси – 4 та;
- Тошкент шаҳри – 3 та;
- Бухоро вилояти – 2 та;
- Сирдарё вилояти – 2 та;
- Жиззах вилояти – 1 та;
- Навоий вилояти – 1 та.
Бундан ташқари, ўрганишлар давомида 9 та туман ва шаҳар ҳокимликлари (Асака, Хива, Ўрта Чирчиқ, Ҳовос, Узун, Сариосиё туманлари ва Бухоро, Навоий, Бекобод шаҳарлари ҳокимликлари) расмий веб-сайтларида уларга тегишли бўлган ишонч телефонлари эълон қилинмагани аниқланган.
Қоровулбозор, Ромитан, Шофиркон, Вобкент туманлари ва Бухоро шаҳар ҳокимликларининг расмий веб-сайти эса ишчи ҳолатда эмаслиги маълум бўлди. Фориш, Томди, Паркент, Сўх, Қораўзак, Хўжайли туманлари ва Гулистон, Чирчиқ шаҳарлари ҳокимликларининг телефон рақамларига қўнғироқ қилинганда, масъул ходимлар томонидан оғзаки мурожаат қолдириш имконияти мавжуд эмаслиги маълум қилинган.
“Йўл қўйилган қонунбузилиши ҳолатларини бартараф этиш ҳамда келгусида ушбу ҳолатлар такрорланишининг олдини олиш чораларини кўриш бўйича тақдимномалар киритилди”, дейилган хабарда.
LiveБарчаси