7 йиллик изтироб. Спортдан ҳайдалган Зафар Имомхўжаев
Спорт
−
13 Июнь 2023
17017Ўзбекистон футболсевар юрт. Мамлакатдаги ҳар бир футбол ихлосманди севимли жамоасидан ғалабалар кутади, қўллаб-қувватлайди ва жойи келса танқид қилади. QALAMPIR.UZ'нинг бу сафарги суҳбатдоши ўз вақтида “Футбол шарҳи” дастури орқали ўзбек футболига етарлича кўзгу тута олган журналист ва бугунги кунда Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси (МОҚ) матбуот ва медиа департаменти директори лавозимида фаолият юритаётган Зафар Имомхўжаев.
Сўнгги йилларда Ўзбекистонда футбол, бокс, оғир атлетика, дзюдо, таэквондо ва спорт курашлари каби спорт турлари яхши ривожланаётгани бор гап. Натижаларни ҳам эътиборга жавобан яхши, деб айтиш мумкин, бироқ ҳали кўпгина спорт турлари бўйича Ўзбекистонда етарлича ишлар қилиниши керак. Бу эса ҳам вақт, ҳам маблағ талаб қиладиган масала ҳисобланади. Боз устига, 2025 йил Тошкентда ёшлар ўртасида Осиё ўйинлари ўтказилади. Шу муносабат билан пойтахтда Олимпия шаҳарчаси бунёд этилмоқда. Қиймати 289 миллион доллардан зиёд бўлган лойиҳа Тошкент шаҳрини йирик спорт марказига айлантириши кутилмоқда. Ўз навбатида спортчиларга яратилаётган имкониятлардан келиб чиқиб, улардан кутиладиган натижаларнинг ҳам салмоғи ошиши табиий.
Хўш, ҳозирда Ўзбекистонда спорт инфратузилмаси қай ҳолатда? Мамлакатда спорт ривожи йўлида қайси ривожланган мамлакатлардан тажрибасидан фойдаланилмоқда?
Юқоридаги саволларга Зафар Имомхўжаев атрофлича жавоб қайтарди.
Маълумки, Зафар Имомхўжаев “Спорт” телаканалидаги кўп йиллик фаолияти билан танилиб улгурган. Имомхўжаев муаллифлигидаги "Футбол шарҳи" дастури ҳам анчагина кузатувчига эга эди. Ушбу дастур мутахассислар иштирокидаги таҳлиллар ва ўринли танқидлар билан ўзбек футболи ишқибозида катта қизиқиш уйғота олгани шубҳасиз, бироқ 2016 йил бошида бугунги кунда Ўзбекистон профессионал футбол лигаси раҳбари бўлиб фаолият юритаётган Диёр Имомхўжаев муаллифлигидаг “Соккер клуб” кўрсатуви таъсирида Имомхўжаевлар вазифасидан озод этилди.
Эътиборлиси, Зафар Имомхўжаев ўша вақтда ишдан олингани бўйича ҳеч қаерда изоҳ бермаганди. Орадан 7 йил ўтиб, мутахассис юқоридаги ҳолат бўйича QALAMPIR.UZ' га барча сирларни очди.
“Очиғи мен бу ҳақда ҳали бирор жойда гапирмаганман. Ўша пайтлар жуда кўп мурожаатлар бўлган, лекин ўшанда гапиришни хоҳламаганман. Ҳақиқатдан ишдан кетганман. Ишдан кетганимдан кейин ҳам 7 ой ҳеч қаерга ишга олишмаган. 2015 йил декабрь ойида Диёр Имомхўжаевнинг “Соккер клуб” кўрсатуви эфирга кетганидан сўнг, телеканалдан менинг ҳамма шарҳларим олиб ташланди. Озроқ вақтдан кейин телеканал директори ва ўринбосари ҳам ишдан олинди. “Футбол шарҳи” ва “Соккер клуб” кўрсатуви фаолияти тўхтатилди. Янги йил таътилидан сўнг ишга чиқдим. 4 январь куни чақириб, ишдан бўшашимни сўрашди. Сабабини сўраганимда иш берувчи шуни хоҳлади, деб айтишди. 17 йил ишлаган даргоҳимни эшигини қаттиқ ёпгим келмади. Аризамни ёздим ва ишдан бўшадим”, дейди Зафар Имомхўжаев.
Ҳозирда Зафар Имомхўжаев фаол спорт тарғиботчиси сифатида МОҚда фаолият юритмоқда. Мутахассиснинг шарҳга қайтиши эса вақт ихтиёрига топширилган масала ҳисобланади.
LiveБарчаси