7 ойда 6,1 млрдлик йўллар “қўл учида” таъмирлангани аниқланди

Жамият 3791
image

Жорий йилнинг 7 ойи давомида йўлларда 139 та ҳолат бўйича қарийб 6 млрд 132 млн. сўмлик қурилиш-монтаж ишлари сифатсиз бажарилган. Бу ҳақда АОКАда Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Йўл-қурилиш ишлари сифатини назорат қилиш инспекцияси Матбуот котиби Комилжон Шамсиддинов маълум қилди.

“Ўзйўлинспекция” томонидан жорий йилнинг январь-июль ойларида давомида – йўл қурилиши объектлари, сунъий иншоотлар (яъни кўприк ва йўл ўтказгичлар) ҳамда йўл-қурилиш материаллари ишлаб чиқаришда норматив ҳужжатлар талабларига риоя этилиши ўрганилиб, 3155 та объектда назорат ўтказилган.

Натижада 5846 та қоида бузилиш ҳолатлари аниқланиб, уларни бартараф этиш учун буюртмачи, пудратчи, лойиҳачи ва сақловчи ташкилотларга – 3590 та бажарилиши мажбурий бўлган кўрсатма берилган. 3026 та кўрсатмадаги қоида бузилишлар бартараф этилган. Қолган 564 та кўрсатманинг ижроси ҳам қатъий назоратга олинган.

Инспекция томонидан етти ой ичида 139 та ҳолат бўйича умумий суммаси қарийб 6 млрд 132 млн сўмлик сифатсиз бажарилган қурилиш-монтаж ишлари ҳажмини тўловдан чиқариш бўйича буюртмачиларга талабномалар киритилган. Шундан 4 млрд 203 млн сўмлик 92 та талабнома ижроси таъминланган. Яъни шунча миқдорга баҳоланган, лекин амалда сифатсиз бажарилган қурилиш ва таъмир ишлари пудратчилар томонидан ўз маблағлари ҳисобидан меъёрий ҳужжатлар талаблари асосида қайтадан бажарилган.

Дарвоқе, йўл қурилиш объектларида қўпол қоидабузилишларга йўл қўйган ва давлат инспекторлари томонидан берилган кўрсатмаларни муддатида бартараф этмаган мансабдор шахсларга нисбатан “Маъмурий жавобгарлик тўғрисида”ги кодекснинг 99- ва 147-моддаларига кўра 134 та маъмурий баённома расмийлаштирилиб, суд органларига юборилган. 120 та баённома бўйича 175 млн 410 минг сўмлик жарима қўлланган.

7 ой давомида буюртмачи корхоналар 133 та тугалланган объектни фойдаланишга қабул қилиш учун “Ўзйўлинспекция”га мурожаат қилган. Комиссияга тақдим этилган объектларнинг ярмидан кўпи (аниқроғи, 79 таси) “Ўзйўлинспекция”нинг ҳудудий давлат инспекторлари томонидан жойига чиқиб ўрганилганда, уларда лойиҳа-смета ҳужжатларида назарда тутилган ишлар тўлиқ бажарилмагани, кўплаб камчиликлар мавжудлиги, айрим ишлар умуман сифатсиз бажарилгани аниқланган.

Суннатилла Абдуллаев
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 64
Рейтинг: 3.1
Теглар
t
×