5 та ҳудудда банкирлар қарийб 2 млрд сўмни “ухлатди”
3-саҳифа
−
09 июл 3386 2 дақиқа
Қорақалпоғистон Республикаси, Фарғона, Андижон ва Бухоро вилоятларида банк тизимида содир этилган қатор қонунбузарликлар фош этилди. Текширувлар давомида айрим банк ходимлари ва собиқ мансабдорлар имтиёзли кредит маблағларини ноқонуний ўзлаштиргани аниқланди. Бу ҳақда Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти хабар берди.
Қайд этилишича, Қорақалпоғистон Республикасининг Беруний туманида тижорат банкининг 3 нафар Банк хизматлари маркази (БХМ) ходими ўзаро тил бириктириб, 5 нафар фуқаро номига имтиёзли кредит ажратган. Бироқ ушбу маблағлардан белгиланган мақсадда фойдаланмасдан, 146 млн сўмни ўзлаштирган.
Фарғона вилоятининг Риштон туманида эса тижорат банки филиалининг масъул ходимлари ва бошқа шахслар “Ҳар бир оила – тадбиркор” дастури доирасида ажратилган кредитларни ноқонуний ўзлаштиргани аниқланган. Гумонланувчилар 21 нафар фуқаро номига ҳунармандчилик, тикув ускуналари хариди, иссиқхона қуриш ҳамда чорвачилик учун жами 747 млн сўм имтиёзли кредит расмийлаштирган. Бу ҳақда фуқароларга хабар бермаган ҳолда маблағларни таъминотчи корхоналарга ўтказган.
Андижон вилоятининг Хўжаобод туманида эса тижорат банки БХМ бошқарувчисининг собиқ ўринбосари ва бошқа шахслар фуқаро номига якка тартибдаги тадбиркорлик субъекти ташкил қилган. Улар сохта маълумотлар асосида 500 млн сўм кредит маблағини қўлга киритгани аниқланган. Маълумотларга кўра, ушбу шахс аввал ҳам Жиноят кодексининг 167-моддаси билан судланган.
Бухоро вилоятининг Жондор туманида банкнинг собиқ раҳбари ва собиқ мутахассиси фуқароларнинг хабарисиз уларнинг номига кредит расмийлаштириб, 110 млн сўм маблағни фирибгарлик йўли билан эгаллагани маълум бўлган.
Бундан ташқари, Фарғона вилоятининг Қўштепа туманида банкнинг собиқ бўлим бошлиғи фуқарога уй-жой сотиб олиш учун 240,5 млн сўмлик ипотека кредити ажратиб беришини ваъда қилган. Бироқ қалбаки кредит шартномаси орқали ажратилган маблағнинг 90 млн сўмини ўз эҳтиёжлари учун ишлатиб юборган.
Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари давом этмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Фарғона шаҳрида тадбиркорлик субъекти раҳбари банкдан ажратилган 1,5 млрд сўмлик кредит маблағларини ўзлаштиргани ҳақида хабар берилганди.
Live
Барчаси